Пахтаси Қашқадарёдан, матоси Хоразмдан: Ургутда тайёрланаётган кўрпача ва ёстиқлар хорижга ҳам сотилмоқда
Сарлавҳани ўқиб, хаёлан тикув фабрикасидаги қизғин иш жараёнини тасаввур қилган бўлсангиз, ажаб эмас. Очиғи, биз ҳам бу натижаларга эришган тадбиркор билан учрашиш учун йўлга чиққанимизда манзилда салобатли корхона ёки фабрикани кўрамиз, деб ўйлагандик. Қаловини топган 10 сотих ҳовлида туриб ҳам хорижга маҳсулот сотар экан.
Тадбирлилар маҳалласи
Ургут тумани марказидан унча узоқ бўлмаган Андак маҳалласига етиб келдик. Тоғ этаги, паст-баландликлардаги зич қурилган уйларда қиш бўлишига қарамай иш қайнамоқда. Бу ернинг аҳолиси ўзининг меҳнаткашлиги, ишбилармонлиги билан ажралиб турар экан. Тикувчилик, тунукачилик, узумчилик, дейсизми, хуллас, даромад келтирадиган ҳар қандай соҳада улар омадини синаб кўришдан қўрқмайди.
- Тўғри, маҳалламиз аҳолиси турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланади, - дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Бекзод Тоҳиров. - Лекин ҳудудни иқтисодий ривожлантириш драйвери сифатида тикувчилик белгиланди. Сабаби, маҳалла хотин-қизларининг асосий қисми шу иш билан шуғулланади. Қолаверса, яқин ҳудудларда текстиль фабрикалари жойлашган бўлиб, уларда ишлаётган ёшлар даромад қилиш баробарида касбининг сир-асрорларини ҳам пухта ўзлаштирмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, кейинги вақтда уйида тикувчилик цехини очиб, мустақил иш бошлаганлар сони кўпайди. Ҳозир бу цехларда кийим-кечак, сумка, шунингдек, уй-жой учун керакли маҳсулотлар тайёрланиб, сотувга чиқарилмоқда.
«Самарқанд кўрпачалари НАҚ» МЧЖ раҳбари Акбар Нуралиев ана шундай тадбиркорлардан бири. У ўтган икки йил ичида республикамизнинг 10 та ҳудудида сотув нуқталарини очишга муваффақ бўлди. Ҳозир унинг маҳсулотига хорижликлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Ҳаммаси нимадан бошланди?
- Карантин вақтида даромадим камайиб, уйда туриб пул топиш йўлларини қидира бошладим, - дейди А.Нуралиев. - Бозорларни ўргандим, бугун кўпчилик кўрпа, ёстиқ ва кўрпачаларни ҳам тайёр ҳолатда сотиб олаётгани эътиборимни тортди. Хотиним иккимиз таваккал қилиб, шу йўналишда иш бошладик. Бошида харидор топиш осон бўлмади, рақобатчиларимиз кўп эди. Қўлимиз ишга ўрганиб, маҳсулотимизнинг сифати ошиб боравергач, харидорларнинг ўзи бизни қидириб кела бошлади.
Тадбиркорнинг муваффақияти сабаби фақат бу эмас. Дунёнинг ривожланган давлатларида бўлган ва у ердаги савдо-сотиқ жараёни билан яқиндан танишган Акбар замонавий маркетинг имкониятларидан ҳам жуда унумли фойдаланмоқда. Хусусан, у ўз маҳсулотининг рекламасига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, харидорларга бу маҳсулотларни онлайн ёки муддатли тўлов асосида харид қилиши учун ҳам барча шароит яратилган.
- Халқимиз кўрпа-тўшакларни одатда тўй учун харид қилади, - дейди тадбиркор. - Биламизки, бу вақтда харажатлар ҳам катта бўлади. Шуни инобатга олиб, маҳсулотимизни муддатли тўлов асосида сотишга қарор қилдик. Бундан биз зарар қилмаймиз. Аксинча, харидорларимизнинг ишончига кирамиз. Табиийки, улар бизнинг маҳсулотни таниш-билишларига ҳам реклама қилишни бошлайди. Маркетинг шундай ишлайди.
Маҳалла аёллари касаначилик шаклида ишга жалб қилинган
Эр-хотин бошлаган иш тез суръатда ривожланиб борди. Энди улар буюртмаларни бажаришга улгурмас эди. Шунда Акбар фаолиятини ортиқча харажатларсиз янада кенгайтириш йўлини ўйлаб топди. У маҳалладаги аёлларга иш ўргатиб, уйига хомашё етказиб берадиган, тайёрини олиб кетадиган бўлди.
- Икки йилдан бери «Самарқанд кўрпачалари НАҚ» МЧЖ билан ҳамкорликда ишлайман, - дейди туманнинг Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилувчи тикувчи Нилуфар Сатторова. - Аввал бошида уларга шогирд тушгандим. Ишни ипидан игнасигача ўргатишгач, уйимга алоҳида тикув машинкасини олиб беришди. Ҳар куни хомашё келтириб, ярим тайёр кўрпа-тўшакларни олиб кетишади. Бир дона кўрпача учун ишнинг ҳажмига қараб, 10 мингдан 20 минг сўмчага пул оламан. Мавсумда бир кунда 20-25 тагача кўрпача тайёрлайман. Даромадим жуда яхши. Энг асосийси, уйимда туриб ишлайман. Ортиқча харажат қилмайман.
Бугунги кунда Нуралиевлар оиласи билан шу тартибда ҳамкорликда ишловчи 10 та хонадон бор. Уларнинг асосий қисми Андак маҳалласида. Тадбиркор ўтган йили маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан 200 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, уларнинг асосий қисмига тикув машинкалари ҳамда бошқа керакли анжомларни олиб берди.
Айтиш жоизки, бир дона кўрпача тайёр ҳолатга келиши учун беш босқичдан ўтиши керак экан. Касаначилик шаклида ишловчи хонадонларда шу ишнинг дастлабки учтаси (матони ўлчамга қараб бичиш, гирдига безак тикиш, астарлик учун чит қўйиш) бажарилади. Якуний иш тадбиркорнинг хонадонида (пахта солиш ва қавиш) амалга оширилади. Бунинг учун у ерда 5 нафар хотин-қиз доимий ишга олинган. Бундан ташқари, мавсум (тўй-маросимлар кўп ўтказиладиган вақт)да қўшимча 15 нафаргача тикувчи хотин-қиз ишга жалб қилинади.
- Мутахассислигим бўйича тикувчи-дизайнерман, - дейди Орзигул Шодиева. - Бир неча йил текстиль фабрикаларида ишладим. Уйимга яқин жойда иш борлигини эшитиб, шу ерга келдим. Иш ҳажмига қараб 2 миллион сўмгача маош оламан. Жараёнда сифатга алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, янгича бичим ва безаклар ўйлаб топамиз. Ишимдан завқланаман.
Америкадан ҳам буюртма бўлади
Айни вақтда улардаги маҳсулот асосан 4 хил мато - газлама, бахмал, духоба ва зарфарангдан тайёрланар экан. Буюртма бўйича алоҳида ўлчам олиниб, мижознинг истагига қараб бошқа турдаги матолар ҳам ишлатилиши мумкин.
- Бахмал Бухородан, газлама Хоразмдан, духоба эса Туркиядан келтирилади, - дейди Акмал Нуралиев. - Кейинги вақтда Хитойда ишлаб чиқариладиган қадимий зарфаранг матосига талаб ошди. Пахта ҳам ўзимизники эмас, Қашқадарёдан оламиз. Сифати яхши, нархи унчалик қиммат эмас. Ишни бошлаган одам секин-аста мутахассис бўлиб борар экан. Муҳими, изланишдан тўхтаганимиз йўқ. Истеъмолчиларнинг таъбига қараб янгиликлар қиляпмиз. Режаларимиз ҳам катта.
Таъкидланганидек, оилавий корхона ўтган икки йил ичида республикамизнинг 10 та ҳудудида савдо нуқтасини очишга муваффақ бўлди. Ҳозир Самарқанд кўрпачалари ўзимизнинг шаҳар ва туманлардан ташқари, Тошкент, Навоий ҳамда Наманган вилоятиларида ҳам сотилмоқда. Қаҳрамонимизнинг айтишича, ўтган йили у Россия ҳамда АҚШга буюртма асосида маҳсулот сотишга эришган. Бироқ логистикадаги муаммолар сабабли миллий кўрпача ва ёстиқларимизнинг тўлақонли экспортини йўлга қўйиш имкони бўлмаяпти.
Тадбиркорлар нимадан норози?
Афсуски, бу тадбиркорни ўйлантираётган ягона муаммо эмас. Биз Акбар Нуралиев хонадонига кирганимизда иш тўхтатилган, ишчиларнинг бир қисми уйига кетган эди. Сабабини сўраганимизда ҳозирча электр энергияси йўқ, хоналарни иситиш ва ёритиш муаммо бўляпти, деган жавобни олдик. Аввал бошида бу масалага унчалик эътибор бермадик. Сабаби, республиканинг барча ҳудудида электр энергияси истеъмолига чеклов киритилган бир вақтда Ургутда ҳам «чироқ» ўчиши табиий-да. Аммо маҳалла раиси билан учрашганимизда вазият биз ўйлагандан анча оғир эканлиги маълум бўлди.
- Маҳалламиз ҳудуди газлаштирилмаган, уйларимизни ўтин, кўмир ва электр энергияси ёрдамида иситамиз, - дейди Андак маҳалласи раиси Раҳимбой Воҳидов. - Тўғри, суюлтирилган газ баллонларини беришган. Аммо уларни ҳам охирги марта 2022 йилнинг 23 декабрида тўлдиришган эди. Ўтин ва кўмирнинг нархини ўзингиз биласиз. Ягона илинжимиз электр энергиясидан. Бироқ уни ҳам бир кунда 4-5 соатгина беришади. Маҳалламиздаги тадбиркорлар электрсиз иши тўхтаб қолганидан, зарар қилаётганидан шикоят қиляпти. Мурожаатларимиз натижасини эса ҳалигача кўрганимиз йўқ.
Биз маҳалла кўчаларида юриб, аҳолининг фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар ҳам маҳалла оқсоқоли айтган гапларни тасдиқлашди. Электр энергиясидаги тартибсиз ва узоқ муддатли ўчишлар сабабли ҳатто қўл телефонларимизни қувватлантиришга улгурмаймиз, дейди баъзилар. Буниси майлику-я, лекин 3 минг 400 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг 70 фоиз хонадони ичимлик суви билан таъминланмаган экан. Улар тоза сувни ҳовлисида артезиан қудуғи бор 3-4 та хонадондан ташиб келади ёки сотиб олади.
Гувоҳи бўлганингиздек, ҳудудда ишбилармонлар кўп, аммо шароитнинг йўқлиги, аниқроқ айтганда, коммунал соҳадаги муаммолар уларга фаолиятини янада кенгайтириш, даромадини ошириш имконини бермаяпти. Маҳалладагилар «Балки шу мақоладан кейин масъуллар бизга ҳам эътибор беришар», деб умид билдиришди. Тўғри-да, 2000 йилдан бери гази йўқ, ичишга суви йўқ, «свет»ининг тайини йўғ инсонларда ишонч нима қилсин. Улар фақат умид қилади. Бу вазиятда ишбилармонлар ҳам маҳалласини обод қилишни, корхоналар қуришни эмас, кўпроқ пул топиб, яхшироқ жойларга кўчиб кетишни ўйлайди назаримда. Улар қачонки тизимга ишонса, атрофини, маҳалласини обод қилишни бошлайди.
Хуллас, биз Андакда кўрган ва эшитганларимизнинг асосий тафсилотлари билан ўртоқлашдик. Мақола тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун яхши ғоя сифатида, масъулларга эса сигнал сифатида хизмат қилади, деган умиддамиз.
Асқар Баротов,
Фазлиддин Рўзибоев (сурат).