Пайариқда куёв қайнота-қайнонасини ваҳшийларча ўлдирган

Пайариқ тумани Накурт маҳалласи Бектўпи қишлоғида яшовчи Жавлон Мирзаев ўз қайнота ва қайнонасини шафқатсизларча ўлдиргани айтилмоқда.

Бош Прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг ОАВга маълум қилишича, 2024 йил 10 июнь куни соат 12:00 ларда 1988 йилда туғилган М.Ж. Пайариқ тумани Накурт маҳалласида яшовчи қайнотаси уйига келиб, турмуш ўртоғи З.А. билан оилавий келишмовчилиги оқибатида келиб чиққан жанжал давомида, дастлаб қайнонасига, сўнг жанжал овозларига келаётган қайнотасига ошхона пичоғи билан кўплаб кесувчи ва санчиб, кирувчи жароҳатлар етказган. Оқибатда иккаласи ҳам олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Мирзаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят иши бўйича Ж.Мирзаев гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди”, дея хабар берган Ҳаёт Шамсуддинов.