Пенсия жамғармаларида “Холис фуқаро” ёки “Сирли мурожаатчи” қутилари нега ўрнатилган?
Давлат ва жамиятнинг ривожига халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаяпти.
Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Фармонда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва фаолияти шаффофлигини ошириш вазифалари белгиланган.
Бу борада Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг шаҳар ва туман бўлимлари биноларига “Холис фуқаро” ёки “Сирли мурожаатчи” қутилари ўрнатилган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция ҳолатларини аниқлашга ёрдам берувчи бу ишда хабар берувчи шахсга аноним бўлиб қолиш имконияти яратилган.
Умуман, фармон ижроси бўйича жамғарманинг вилоят бошқармасида махсус ишчи гуруҳ ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ушбу режа асосида туман (шаҳар) Пенсия жамғармаси раҳбарлари ва бошқарма ходимлари иштирокида “Zoom” дастури орқали ўқув семинар ўтказилди.
Пенсия жамғармаси бошқарма ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятида коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи йўналишларни белгилаш, коррупция хавфини бартараф этиш ҳамда профилактика ишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Билдирилган фикрлар асосида тизимда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш, танлов асосида пенсия ва нафақа тайинланган фуқаролар билан телефон орқали боғланиб, ходимлар томонидан таъмагирлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши ҳолатларини ўрганиб бориш белгиланди.
Д.НОРМАМАТОВ,
Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бош юридик масалаҳатчиси.