Пенсия ва нафақаларни пластик карталарга ўтказиш бўйича тушунтириш берилди
Республика махсус комиссияси томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар жорий йилнинг май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш орқали амалга оширилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Мазкур қарорни қабул қилишдан асосий мақсад — пенсионер ва нафақа олувчиларнинг соғлиғини сақлаш ва коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш.
Тиббиёт ходимларининг хулосаларига асосан, ушбу касаллик ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда оғирроқ кечади.
Нақд пул орқали муомала қилиш — вирус тарқалишига олиб келувчи омиллардан ҳисобланади. Чунки нақд пулда коронавирус қўзғатувчи қатор бактерия ва номаълум инфекциялар мавжуд бўлиб, улар узоқ муддат (4-5 кун давомида) сақланиб қолади.
Ҳозирги кунда республикада жами пенсия ва нафақа олувчилар сони — 3 миллион 734 минг 237 нафарни ташкил этади. Пенсия ва нафақа тарқатиш учун эса АТ “Халқ банки”нинг 4 минг 355 нафар ходими, 600 дан ортиқ автотранспорт ҳайдовчилари ҳамда Марказий банк инкассация хизматининг 1000 дан ортиқ ходими жалб этилган. Ушбу жараёнга ички ишлар идораларининг 1090 та ходими ҳам бириктирилган.
Нақд пул шаклида пенсия ва нафақаларни олиш ва тарқатиш жараёнида қарийб 4 миллион одамнинг ўзаро мулоқоти республикада коронавирус инфекцияси тарқалиши хавф-хатарини кескин ошириб юборади.
Махсус комиссия томонидан фуқаролар ўртасидаги мулоқотни чеклашга қаратилган бир қатор чекловлар жорий этилмоқда. Масалан, транспорт воситалари ва фуқароларнинг ҳаракатланиши билан боғлиқ ва бошқалар. Ўз навбатида, пенсия ва нафақаларни пластик карталарга ўтказиш ҳам бу борадаги айнан карантин чекловлари ҳисобланади.
Юқоридагиларга асосан, Махсус комиссиянинг қарори амалдаги қонун ҳужжатларига зид ҳисобланмайди ҳамда пенсионер ва нафақахўрларнинг ҳуқуқларини бузишга эмас, балки уларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган чора ҳисобланади. Бундан ташқари, комиссия қарорида пенсия ва нафақаларни пластик карталар орқали бериш республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар амал қилиши ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидаги савдо нуқталарини тўлиқ тўлов терминаллари ва нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан таъминланиши назарда тутилган.