Пентагон Кобулдаги турар-жой биноларига хато зарба бергани учун узр сўради

Пентагон 29 август куни Кобулдаги турар-жой массивига Америка учувчисиз самолётларининг зарбаси хатосини тан олди. Ўшанда камида ўн киши ушбу зарбалар қурбони бўлди, уларнинг кўпчилиги болалар эди. Вашингтон қурбонлар яқинларига товон пули тўлаш масаласини кўриб чиқишга ваъда бермоқда.

«Биз зарба аэропортда ҳарбий кучларимиз ва халқимизга таҳдиднинг олдини олишига ишонган эдик. Лекин бу хато эди. Мен чин дилдан кечирим сўрайман», деди АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи Франк Маккинзи.

Аввалроқ, Пентагон Афғонистонда учувчисиз қурилмалари орқали уюштирилган ҳужумларни Афғонистон пойтахти аэропортида юз берган, камида 200 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактга жавоб, деб атаган эди. Вашингтон расмийларининг айтишича, ҳужумларда "Исломий давлат" террорчилик гуруҳи нишонга олинган.