Пиёз сотиш баҳона меҳмонларга нашасини пулламоқчи бўлган “деҳқон” қўлга олинди
Наркотик моддаларнинг савдоси ва истеъмолига қарши олиб борилаётган кескин чораларга қарамай хонадонларда ҳамон гиёҳванд ўсимликлар етиштириш ҳоллари учраб турибди, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.
Абдумалик 60 ёшдан ошган, нафақада. Олти нафар фарзанднинг отаси, бир неча набиралар бобоси. Деҳқончилик билан шуғулланади. Пиёз сотади. Одамлардан ҳам олиб, устига ўз ҳақини қўйиб сотади.
Эрта баҳор у ҳовлининг четига бир туп таркибида гиёҳванд моддаси бўлган каннабис ўсимлигини экди. Ёз бўйи парваришлаб, етилишини кутди. Абдумалик таъқиқланган ўсимлик ҳақида биларди. Аммо, шу ёшида уни нафс балоси кўзини кўр қилди. Ўсимликни одамлар кўзидан пана қилиб, етилишини кутди. Август ойи охирларида пишиб етилган 210 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситасини йиғиштириб олди. Келгусида мўмай даромад қилишни ўйлаб, яшириб қўйди.
Бир куни уни излаб қўшни қишлоқдан бир-иккита йигитлар келди.
- Мени исмим Фурқат. Россияга пиёз жўнатаман. Сизни ҳам пиёз савдоси билан шуғулланади, деб эшитиб келяпман. Топиб берсангиз рози қиламан, - деди йигитлардан бири.
- Ҳа, пиёз сотаман мен ҳам. Қанча бермоқчисиз, - деди Абдумалик.
- Хафа қилмайман. Сиз, пиёз топиб берсангиз бўлди, - деди Фурқат.
- Топиб берган пиёзларимнинг ҳар бир килограммига 100 сўмдан берасиз.
Улар Абдумаликнинг уйига киришди. Биргалашиб, келишувни нишонлашди.
- Менга наша керак эди-да. Топиб беролмайсизми, мободо, - деди Фурқат гап орасида.
- Ўзим истеъмол қиламан. Шунинг учун уйда сақлайман, - деди Абдумалик харидор топилганидан хурсанд бўлиб. Бир зум ўтиб, яшириб қўйган “марихуана”ни олиб келди.
У 400.000 сўм эвазига 100,74 грамм гиёҳванд моддасини Фурқатга сотди.
Орадан бироз муддат ўтиб Абдумалик орган ходимлари томонидан ушланди. Ўзида қолган 101,06 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
Терговда ўзини оқлашга уринган Абдумалик, бурун бўшлиғида шамоллаш (гайморит) касаллиги борлигини, шу боис “марихуана” чекиб юришини айтди.
Судга оид наркология экспертизасининг хулосасида эса Абдумаликнинг гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш белгилари аниқланмаган.
Суд ҳукми билан Абдумалик 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.