Почта тизимини даромадли соҳага айлантириш чоралари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантириш учун почта тизимини даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусий операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшимча хизматларни тақдим этиш орқали почта бўлимлари даромадини ошириш мумкинлиги айтилди.
Йиғилишда якуний манзилга етказиш тизимини туманларда тажрибадан ўтказиб, келгуси йил 1 мартдан вилоят марказларида, 1 июлдан мамлакат бўйича жорий этиш режаси белгиланди. Бунинг учун жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизимини ишга тушириш кераклиги таъкидланди.
Сўнгги тўрт йилда “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг жами матбуот тарқатишдаги улуши 13 фоизни ташкил этмоқда.
Мутасаддиларга босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш, даврий нашрларга онлайн обуна хизматини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.