Пора бермаган фаррошлар ишдан олинди(ми?)
У жиноий мақсадини бошқа ходимнинг қўли билан амалга оширмоқчи эди. Иш жойидан айрилгиси келмаган аёллар эса шошиб қолишади. Директорнинг топшириғи, иш сўраб келувчиларнинг кўплиги фойдасига “хизмат қилаётганди”.
Тўрақул Вафоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) коллеж директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланди-ю, оёғи ердан узилди. Ходимларни “тунаш” йўлларини излай бошлади. Тез орада жиноятга шерик ҳам топилди. Коллеж “коменданти” Ораста Қамбаровани ишга солди.
Фаррошларга махсус кийим-кечак кераклигини коллеж директори ҳам айтган эди. Қолаверса, маҳалла аёллари иш сўраб келяпти. “Қўшимча хизмат”, “харажат”дан қочмаймиз, деганлар ҳам бўлди.
Т.Вафоевга айнан шу керак эмасми? Аммо порани кимдан олишни яхши билади. Ўз режаси бор. О.Қамбаровани хонасига чақириб, топшириқ берди. Кийим-кечак олиш учун беш нафар фаррошдан 200 000 сўмдан пул йиғиб келишини айтди.
Бу директорнинг топшириғи эканини О.Қамбарова ҳам билган. Чунки йиғилишларда доим айтиб келинарди. Аммо “пул бермаган фаррош ишдан кетади” деган сўзни Т.Вафоевдан эшитиб турибди.
Шундоқ ҳам кам маош эвазига ишловчи аёллар арзимас кийим-кечак учун 200 000 беришни исташмади. О.Қамбаровага рад жавобини берди.
Табиийки, ишнинг бундай тус олиши раҳбарга ёқмади. Гапини икки қилган фаррошларни “қора рўйхатига” ёзди. Шахсиятига тўғри келмайдиган сўзлар билан айблади.
Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарининг бундай йўл тутиши қонунга зид эди. Шуни англаб етган ишчи-ходимлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришди.
Тезкор кўрилган чора-тадбирлардан сўнг Т.Вафоев пора олиш чоғида қўлга олинди. Ўз касбига, номига доғ туширган педагог бугун қонун олдида жавоб бермоқда.
Акобир ЖЎРАЕВ,
иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти туман бўлими инспектори.