Пора олган Булунғур ва Самарқанд туманининг икки солиқчиси 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Самарқанд тумани солиқ инспекцияси ходими Булунғур туманида тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога солиқлардан асоссиз ҳисобланган қарздорликни камайтиришда ёрдам беришини айтган. У ушбу хизмати эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

Аниқланишича, солиқ инспекцияси ходими тадбиркорнинг қарийб 300 млн сўмлик солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда Булунғур тумани солиқ инспекциясида камерал солиқ текширувлари шуъбаси бошлиғини шерик қилган.

Солиқчи Самарқанд шаҳридаги кафелардан бирида тадбиркордан келишилган пулнинг 500 долларини олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида солиқ ходимлари Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми "в" банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.