Самарқанд шаҳар ДСИ ходимларига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди
Жорий йилнинг 23 февраль куни сайтлар ва ижтимоий тармоқларда “Самарқанддаги ноқонуний дорихоналарнинг фаолиятига қачон чек қўйилади?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақолада тилга олинган дорихоналар фаолияти вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари томонидан ваколат доирасида ўрганилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Катта Ўзбек тракти кўчаси, 16-уйда жойлашган “Акрам” масъулияти чекланган жамияти 1996 йил 14 августда 149-сонли рўйхат рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Дорихонадаги “Меркурий 115 Ф” назорат-касса машинаси Самарқанд шаҳар ДСИдан 2018 йил 24 февралда 1801104875-сонли реестр рақами билан рўйхатга олинган. Таъкидлаш лозимки, дорихона 2018 йил 10 апрелда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган. Мазкур лицензиянинг муддати 2023 йил 10 апрелгача амалга қилади. “Акрам” масъулияти чекланган жамияти фаолият юритаётган бино “Bio Nur Med Servis” МЧЖга тегишли эканини қайд этиш жоиз. Бино эгаси билан жорий йилнинг 3 январь куни 2-сонли ижара шартномаси тузилган.
Мақолада қайд этилган Катта Ўзбек тракти кўчаси, 14-уйда жойлашган “Пирамида фарм файз” МЧЖ 2012 йил 8 декабрь куни 9511-сонли рўйхат рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Дорихонадаги “Меркурий-115 Ф” назорат-касса машинаси 2013 йил 19 мартда Самарқанд шаҳар ДСИ томонидан 1169-сонли реестр рақами билан рўйхатдан ўтказилган. Дорихонага дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия 2018 йил 19 январда берилган. Лицензия муддати эса 2023 йил 19 январда якунланади. Дорихона “Nisi multifrutts trade” МЧЖга қарашли бинода иш юритади. Бино эгаси билан 2020 йил 2 январда ижара шартномаси тузилган.
Обираҳмат кўчаси, 2 А-уйда фаолият юритувчи дорихона “Шаҳризода Райхона фарм шифо” МЧЖга тегишли бўлиб, жамият 2012 йил 6 июнда 614201-сонли рўйхат рақами билан давлат рўйхатидан ўтган. Дорихонадаги “Меркурий-115 Ф” назорат-касса машинаси шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан 2018 йил 2 августда 18011056692-сонли реестр рақами билан рўйхатга олинган. Мақолада ушбу дорихона тегишли ташкилотдан рухсатнома олмасдан фаолият юритмоқда, дея иддао қилинади. Ҳолбуки, дорихона 2018 йил 20 июль куни дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган. Лицензиянинг тугаш муддати 2023 йил 20 июль қилиб белгиланган. Мазкур дорихона иш юритаётган бино “Gold medical ligh” МЧЖга қарашли бўлиб, 2020 йил 16 январда ижара шартномаси тузилган.
Самарқанд шаҳар, Панжикент кўчасида жойлашган дорихонада Суғдиёна массивида жойлашган 21-уй манзили кўрсатилган “Согда Сардор фарм сервис” МЧЖга қарашли дорихонани лицензияси билан фаолият юритаётганлиги ўрганилганда, Панжакент кўчаси, 2-уйда фаолият юритиш учун “Temur biomed” МЧЖ 2020 йил 5 февраль куни 810533-сонли рўйхат рақами билан давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, бугунги кунгача фаолият юритмаётганлиги аниқланди. Шунга қарамай, ушбу ҳудудга бириктирилган шаҳар ДСИ ходими Жавлон Бобиров томонидан дорихона мутасаддиларига тегишли таъсир чоралари қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш хати берилмаган. Шунингдек, Ж.Бобиров оммавий ахборот воситалари ходимлари билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 15 апрелдаги 155-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари” талаблари доирасида муомалада бўлмаган.
Мақолада Самарқанд шаҳридаги Хўжа Аҳрор Валий кўчаси, 24-уйда жойлашган “Аслиддин” МЧЖга қарашли дорихона лицензияга эга эмаслиги айтилган. Таъкидлаш лозимки, жамият 2003 йил 31 декабрда 00057-сонли рўйхат рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Дорихонадаги “Меркурий-115 Ф” назорат-касса машинаси шаҳар ДСИ томонидан 2013 йил 24 октябрда 11964-сонли реестр рақами билан рўйхатга олинган. Ушбу дорихона ҳақиқатдан ҳам лицензиясиз фаолият олиб бормоқдами? Йўқ. Дорихонага дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия 2016 йил 21 июнда берилган. Лицензия муддати 2020 йил 27 май куни ўз ниҳоясига етади. Дорихона фаолият юритаётган бино Фахри Насриев тегишли бўлиб, жорий йилнинг 2 январь куни ижара шартномаси тузилган.
Жорий йилнинг 24 февраль куни “Акрам” МЧЖ раҳбари Азамат Васлиддинов, “Пирамида фарм файз” МЧЖ раҳбари Азизжон Орипов, “Шаҳризода Райхона фарм шифо” МЧЖ раҳбари Дилафрўз Жалилова ва “Аслиддин” МЧЖ сотувчиси Фаррух Жамолов билан аҳолига савдо хизматини кўрсатиш, назорат-касса машинаси ва тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 1 апрелдаги 80-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома асосида профилактик суҳбат ўтказилди. Шунингдек, уларга савдо қоидаларига риоя этмаслик, жумладан, аҳолига савдо хизмати кўрсатганда назорат-касса машинасидан харид чекини бермаслик ва тўлов терминалидан фойдаланмаслик қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ва молиявий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши тўғрисида расмий огоҳлантириш хатлари берилди.
Йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун Самарқанд шаҳар ДСИ ходимлари Ж.Бобиров, Ғ.Ўролов ва А.Исматовларга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.