Президент фармони лойиҳасига 1188 та, давлат дастурига 3718 та таклиф берилган
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва давлат дастури лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди. Лойиҳалар жорий йилнинг 9 февраль кунига қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилди.
Аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этган мамлакатимизнинг жорий йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида мактабгача таълим қамровини ошириш, халқ таълими тизимидаги муаммоларни ечиш ва таълим сифатини ошириш чораларини кўриш, олий таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва уни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш тизимини мукаммаллаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш, умуман, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш каби масалалар кўзда тутилган.
Шу боис муҳокамалар давомида халқимиз, турли соҳа вакиллари, зиёлилар ва ёшлар лойиҳа юзасидан ўз таклифларини тақдим этди.
Хусусан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармон лойиҳасига uzbekistan2030.uz портали орқали 1139 та таклиф берилган. Ҳужжат лойиҳасидаги барча - 36 банднинг ҳеч бири жамоатчилик эътиборидан четда қолмаган.
Энг кўп фикрлар 1-банд бўйича билдирилган – 167 та. Унда “2024 йил 1 мартдан бошлаб «Ёшлар баланси» асосида алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилсин. Бунда:
мазкур раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва истеъдодини юзага чиқариш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашиб борсин;
ўзларига бириктирилган ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва истеъдодини юзага чиқариш учун тегишли ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан зарур маблағларни йўналтиришга рухсат этилсин”, дейилган.
Аҳамиятлиси, jamoatchilik.uz поталида ҳам шу бандга бошқаларига қараганда кўпроқ таклиф билдирилган.
Муҳокамаларда бошқа бандлар бўйича берилган таклифларнинг ҳеч бири 100 га етмаган. Фармон лойиҳасидаги “Вазирлар Маҳкамаси:
ҳар ой якуни бўйича Давлат дастури ижроси юзасидан маълумотларни умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин;
ҳар чорак якуни бўйича Давлат дастурида юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати йиғилишида муҳокама қилиб борсин”, дейилган 34-банд бўйича энг кам (жами 4 та) таклиф берилган. Уларнинг бирида муҳокамаларни онлайн ёритиб бориш кераклиги билдирилган.
Дарвоқе, давлат дастури лойиҳасида ҳар бир ҳудуд, хусусан, Самарқанд белгиланган бандлар ҳам мавжуд. Мисол учун, вазирликлар, идоралар ва илмий тадқиқот институтларининг экспертларини жалб қилган ҳолда Самарқанд тумани мисолида ишсиз аҳолининг манзилли рўйхатини шакллантириш услубиятини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Апрель ойига мўлжалланган бу тадбир кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.
Шунингдек, жамоат транспортини экологик тоза ёқилғига ўтказиш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағига Самарқанд шаҳри жамоат транспорти учун 100 та электробус харид қилиш чораларини кўриш белгиланмоқда.
Бу борада фақат электробуслар сотиб олишни эмас, балки электробусларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олишга ҳам эътибор қаратилиши лозим, деган таклиф билдирилган.
Лойиҳадан Самарқанд вокзалидан фойдаланиш ва уни бошқаришга давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор жалб қилинишини англаш мумкин. Аҳоли ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрининг ҳар бир маҳалласида ҳамда аҳоли гавжум жойларда видеокузатув тизимларини ўрнатиш қайд қилинган.
Умуман, 5 йўналиш, 100 мақсад, 292 та амалий чора-тадбирдан иборат давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида 3718 та фикр билдирилган.
Ёқубжон Марқаев.