«Президентимиз бизни Ватанимизга олиб кетиш учун самолёт юборганликларини эшитиб, ҳаммамиз йиғлаб юбордик»

Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Қўрдай туманида 20 апрель тонгида юз берган автобус аварияси оқибатида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси ҳалок бўлгани, 13 нафари эса турли даражада тан жароҳати олгани, тан жароҳати олганлардан тўққиз нафари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус самолётида Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида аввал хабар берилган эди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланувчиларнинг аҳволи ҳақида қўшимча ахборот берди, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.

«Биз махсус авиаборт билан етиб борганимизда, қозоғистонлик шифокорлар томонидан жароҳатланган ҳамюртларимизга тезкор биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган эди. Шифокорлар гуруҳи ФВВ ходимлари билан жароҳатланганларни авиабортга чиқаргач, бортнинг ўзида уларнинг саломатлиги қайта текширувдан ўтказилди. Керакли муолажалар зудлик билан бажарилди. Ўзбекистонда бизни махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашиналари кутиб олди ва беморлар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилди», — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Козим Маҳкамов.

Маълум бўлишича, жароҳатланганлар орасида қорақалпоғистонлик 34 ёшли Ўмирбек Ҳайитбоевнинг жароҳати анча оғир бўлган. «Агар унга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳаёти хавф остида қолаётган эди. Шифокорларнинг шошилинч равишда  уринишлари натижасида Ўмирбекда мураккаб жарроҳлик операцияси муваффақиятли ўтказилди. Ҳозир бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида. Ҳозирда тан жароҳати олганлардан яна уч нафари операция столига олинган.

Вазирлик матбуот хизмати жабрланувчиларнинг сўзларидан ҳам иқтибос келтирган. «Авариядан  кўпчилигимиз  ўзимизни йўқотиб қўйдик. Чунки қаттиқ қўрққан эдик. Шундай пайтда кимга хабар бериш, кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмай қолар экансан. Шунда эшитдикки, Президентимиз бизни Ватанимизга олиб кетиш учун самолёт юборган эканлар. Буни эшитиб, ҳаммамиз йиғлаб юбордик», — дейди ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида даволанаётган қашқадарёлик Аббос Ўлжабоев.