Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади

     Самарқанд шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"да шу номли тадбир бўлиб ўтди.

"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда бошқарма ходимлари, уста-ҳунармандлар иштирок этди ва Президентимизнинг 23 сентябрь куни БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлагани, унда Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган масала ва таклифлар ўрганилди.

    - Президентимизнинг олий минбардан туриб ўзбек тилида нутқ сўзлагани кимлар учундир аҳамиятсиздир, бироқ биз,

ўзбекистонликлар учун фахр, - дейди бошқарма бошлиги Умид Ҳакимов. - Сиёсатдан ва илму фандан четлаштириб ташланган, камситилган она тилимизнинг жаҳон саҳнасида жаранглаши чин маънода тарихий воқеа бўлди. Бундан ҳар бир ўзбек ғурурланса арзийди. Колаверса, давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон қабул қилинди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.  Президентимизнинг БМТ минбарида ўзбек тилида сўзлаган нутқи эса ушбу байрамнинг бошланиши, дебочаси дейиш мумкин.

    Тадбир давомида ҳунармандлар БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз томонидан илгари сурилган энг муҳим жиҳатларни эътироф этишди. Хусусан, 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш, БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш хамда қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ва ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш каби Президент таклифлари ҳақида тадбир иштирокчилари ўзаро фикр юритдилар.

Бахтиёр Ботиров.