Психолог Дейл Карнегидан 20 маслаҳат

Ёзувчи, психолог ва ўқитувчи Дейл Карнеги “Дунёда ёмон одамлар йўқ” тамойили асосида яшаган ва ишлаган. Фақат уларга нисбатан муносабат орқали осонгина ўзгартириш мумкин бўлган нохуш ҳолатлар мавжуд. Шунинг учун улар туфайли бошқаларнинг ҳаёти ва кайфиятини бузмаслик лозим, деб таъкидлаган.

Шунингдек, у ўзининг ҳеч қандай можароларсиз ва муваффақиятли мулоқотга оид концепциясини ишлаб чиқди. Унинг назариясини қўллаб-қувватлайдиганлар қатори кўплаб қораловчилар ҳам бор эди. Бир сўз билан айтганда, ҳеч ким бефарқ қолмади ва унинг маслаҳатлари чиндан ҳам тинглашга арзийди:

1. Ҳар бир киши кунига камида беш дақиқа аҳмоқ бўлади. Ҳақиқий донолик бу оралиқ чегарасидан ошмасликда.

2. Мабодо тақдир томонидан сизга лимон туҳфа қилинса, дарҳол шакар қўшиб, ундан лимонад тайёрланг.

3. Бошқа одам нуқтаи назари билан иш тутиб кўринг ва ўзингизга эмас, унга нима кераклигини тушуниб олинг. Шундай қила олсангиз, бутун дунё сиз билан бўлади.

4. Доим банд бўлинг. Бу ер юзидаги энг арзон ва энг самарали доридир.
5. Бировни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, аввал ўзингиздан бошланг. Бу ҳам фойдали, ҳам хавфсиздир.

6. Ҳаракатларингиз олиб келиши мумкин бўлган мудҳиш оқибатларни тасаввур қилинг, улар билан олдиндан келишиб олинг ва ниятингизни ўзгартиринг!
7. Табассум арзон восита, лекин жуда қадрланади.

8. Фақат тингловчи керак бўлган бир пайтда, кўпчилик шифокорни чақиради.
9. Ҳеч ким мен ёки сиз билан қизиқмайди. Эрталаб, пешинда ва тушдан кейин ҳам улар фақат ўзлари ҳақида қайғуради.

10. Инсон ўзи билан уруш ҳолатида бўлса, ўшанда у бир нарсага арзийди.
11. Шубҳасиз, эрингизнинг камчиликлари бор! Агар у авлиё бўлганида, ҳеч қачон сизга уйланмаган бўларди.

12. Ёдингизда бўлсин: инсоннинг исми ўзи учун ҳар қандай тилда энг ёқимли ва энг муҳим товушдир.

13. Бахтли ёки бахтсизлигимиз тўғрисида мулоҳаза қилиш учун бўш вақтимиз жуда кўп, бахтсизликларимизнинг сири ҳам шунда.

14. Оқил инсон учун ҳар куни янги ҳаёт бошланади.
15. Инсоннинг эртанги куни бугундан бошланади.

16. Ҳужум қиладиган душманлардан эмас, сизга хушомад қиладиган дўстлардан қўрқинг.
17. Қўрқув сизнинг онгингиздан ташқари бошқа жойда мавжуд эмас.

18. Ўзингизни бахтли инсонлардек ҳис қилинг, шунда ҳақиқатан ҳам бахтли бўласиз.

19. Бирор нарсани ўрганишга бўлган кучли интилиш муваффақиятнинг 50 фоизини ташкил этади.
20. Дунёда муҳаббат қозонишнинг биргина усули – уни бошқалардан талаб қилмасдан ва миннатдорчиликка умид қилмасдан улашишдадир.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.