Путин ўт очишни 3 кунга тўхтатмоқчи, унинг қандай шартларда музокаралар столига ўтиришини Лавров айтди. Германия биринчи вазирини эълон қилди. Ҳафиз Асад жасади ўғирлаб кетилди

🔹 Путин Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўт очишни тўхтатишни эълон қилди. Сулҳ 7-8 май кунлари ярим тундан 10-11 май ярим тунгача давом этади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Путин қандай шартларда музокаралар столига ўтиришини Бразилиянинг "О Глобо" газетасига интервьюсида маълум қилди. Киев НАТОга аъзо бўлиш ниятидан воз кечиши ва нейтрал мақомда қолиши, "Неонацистик режим" Украинада барча рус унсурларини — тил, оммавий ахборот воситалари, маданият, анъаналар ва каноник православликни йўқ қилишни тўхтатиши, Қрим, Севастополь, шунингдек, ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари расман Россия ҳудуди сифатида тан олиниши шулар жумласидан.
🔹 Германия янги ҳукуматнинг биринчи вазирларини эълон қилди. Ташқи ишлар вазири 62 ёшли Йохан Вадефуль Украинанинг ашаддий тарафдори сифатида танилган ва Киевдан Россия ҳудудига Ғарб қуроллари билан зарба беришга рухсат берилишини талаб қилган. 6 май куни Бундестаг янги канцлерни сайлайди, у катта эҳтимол билан Фридрих Мертс бўлади.
🔹 АҚШнинг Яман шимоли-ғарбидаги африкалик мигрантлар сақланаётган марказга уюштирган авиаҳужуми оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 100 дан зиёд киши жароҳатланган. Аввал АҚШ ҳарбийлари Сана шаҳри ҳамда Саъда, Ал-Маҳвит ва Ал-Ҳудайда вилоятларига зарбалар бергани маълум қилинган эди.
🔹 Рим папаси Франциск вафот этишидан аввалроқ вояга етмаганлар қамоқхонасида фаолият олиб бораётган макарон фабрикасига 200 минг евро шахсий жамғармаси (деярли барча маблағи)ни ҳадя қилган.
🔹 Саудия Арабистони ва Қатар молия вазирликлари Суриянинг Жаҳон банки олдидаги 15 миллион долларлик қарзини қоплашга розилик берди. Бу қарор халқаро молиявий институтлар томонидан Сурия иқтисодиётининг тикланишига ёрдам бериш имконини яратади.
🔹 Ўтган 24 соат ичида Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари оқибатида 50 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 115 киши турли даражада тан жароҳати олган.
🔹 Анқарадаги дипломатик манбалар Туркия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасидаги учрашувга мезбонлик қилишга тайёр эканини маълум қилган. Манбага кўра, томонлар розилик берса, учрашув Туркия ҳудудида ўтиши мумкин.
🔹 АҚШнинг етакчи университетлари Трамп маъмуриятининг сиёсатини танқид қилиб, унга қарши биргаликда курашиш ташаббусини кўтарди.
🔹 Канадада муддатидан аввал парламент сайловлари ўтказилади. Сайловда ғолиб бўлган партия етакчиси мамлакатнинг 25-бош вазири этиб тайинланади.
🔹Ғарбий Европада кенг кўламли электр узилиши рўй берди. Испания ва Португалияда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Мадрид метросида йўловчилар эвакуация қилинган, кўчалар тирбанд, шаҳар светофорлари ишламаяпти. Барселона, Валенсияда ҳам одамлар электр таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда.
🔹 Ҳиндистон томонидан қилинган ҳар қандай провокация жавобсиз қолмайди — Покистон халқи ўз армияси билан елкама-елка турибди ва зарурат туғилса, биргаликда курашишга тайёр. Бу ҳақда Покистон темир йўл вазири Ханиф Аббаси Ҳиндистон билан боғлиқ сўнгги воқеаларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди. Вазирнинг таъкидлашича, Покистоннинг мудофаа тизимлари тўлиқ шай ҳолатда. «Агар Ҳиндистон бизнинг сув таъминотимизни тўсса, биз уларнинг ҳавога чиқиш йўлини тўсамиз», деди у.
🔹 Суриянинг Латакия шаҳрида собиқ президент Ҳафиз Асаднинг қабри номаълум шахслар томонидан бузиб, унинг жасади олиб кетилгани хабар қилинди. Эслатиб ўтамиз, Ҳафиз Асад 1971 йилдан 2000 йилгача Сурия президенти бўлган.
Г.Холдорова тайёрлади.