Қадимги туркий-руний ёзувларининг ватани - Ўзбекистон

Аждодларимиз яратган фонологик ёзувга асосланган алифболар тараққиёти узоқ тарихга эга. Сўнгги йилларда туркий ёзув ва унинг тарихига доир янги маълумотлар ва янгича қарашлар юзага келиши туркий-рун ёзуви ҳақидаги анъаналарга ўзгаришлар киритмоқда.

Бунга ХХ асрнинг 60-70 йилларида турли тадқиқотлар асосида, хусусан, археологик изланишлар туфайли юзага келган янги маълумотлар сабаб бўлмоқда. Хусусан бундай тарихий ашё Олмаотадан 50 километр шарқда, Иссиқ дарёси соҳилида, 1970 йилда олиб борилган археологик изланишлар натижасида топилган. Битик тепаликдаги қабрдан чиққан кумуш кўзачада ёзилган. Олимлар ушбу битикни қадимги туркий-рун ёзувига ўхшатиб, Марказий Осиё туркий-рун ёзуви деб қарашган. Бу ёзувни милоддан аввалги V-IV асрларга хос деб, «Иссиқ ёзуви» ёки «Иссиқ қўрғони ёзуви» номи билан аташган ва илм-фанда шу номлар билан машҳур бўлди.

Ўзбек ёзувшунос олимлари Насимхон Раҳмонов, Боқижон Матбобоевларнинг «Ўзбекистоннинг кўҳна туркий-рун ёзувлари» номли илмий-оммабоп рисоласида Ўзбекистондан 20 дан ортиқ туркий-рун ёзувидаги матн парчаларининг топилиши билан уларнинг жаҳон илм-фанига маълум бўлиши, машҳур шарқшунос, ёзувшунос олимларнинг диққатини жалб этиши ва илмий жиҳатдан талқин қилиниши ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.

Бундай битикларнинг Ўрхун-Енисей ёзувига ўхшашлиги, тил хусусиятларининг илмий жиҳатдан асослаб ўрганилиши натижаларига қараб, туркий-рун ёзувларининг қадимий ватани бугунги Ўзбекистон эканлиги таъкидланган.

Усмон САНАҚУЛОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

***

Сайтимизни кузатинг, мақоланинг давоми бор...