Қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Андижон вилояти бўйича бўлимига Андижон шаҳрида яшовчи О. исмли шахс ўзининг яшаш хонадонида қонунга хилоф равишда ҳайдовчилик гувоҳномалари, ишончномалар ва бошқа транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни компьютер ва рангли принтер ёрдамида қалбакилаштириш орқали тайёрлаб келаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушади.
Тезкор маълумотга асосан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида О. исмли фуқаро Андижон шаҳрида яшовчи, муқаддам 4 маротаба Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан судланган У.О бўлиб чиқди.
Ушбу фуқаронинг ноқонуний ҳаракатларига барҳам бериш мақсадида Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими билан ҳамкорликда шу йилнинг 27 октябрь куни У.О.нинг хонадони текширилганида, 1 дона “ACER” русумли ноутбук, 1 дона “CANON” русумли принтер, 1 дона “EPSON” русумли рангли принтер, 8 та қалбаки ишончнома бланкалари, 9 нафар фуқаронинг паспорт нусхалари, 3 та автомашиналарни техник қайд этиш гувоҳномалари, 1 та транспорт воситасининг ойналарини қорайтириш учун руҳсатнома бланкаси, ҳужжатларни қалбакилаштиришда фойдаланиладиган канцелярия буюмлари ҳамда 16 гегабайт хотирага эга бўлган 1 дона қора рангли флешка борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Ноутбук ва флешка текширилганида унда кўплаб ҳайдовчилик гувоҳномалари, ишончномалар ва бошқа расмий ҳужжатлар скайнер қилиниб тайёрлаб келинаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.