Тергов фаолиятига эътирозлар кўп ёки синтетик наркотиклар рекламаси нега кенг тарқалмоқда?

Самарқанддаги маҳаллаларнинг 173 тасида жиноятчилик барқарор. Шу боис мазкур маҳаллалар "сариқ" тоифага киритилган. 254 тасида эса жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ кўрсаткич ошгани учун "қизил" тоифада қоляпти. 673 та маҳалла эса "яшил" тоифага ўтказилган.

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўртинчи сессиясида вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов ўз ҳисоботида айтиб ўтди. Муҳокамалар чоғида депутатлар ички ишлар идоралари фаолиятида асосий эътироз тергов ишлари билан боғлиқ бўлаётганини қайд этди. Ўз навбатида, Ш.Раҳмонов бу гапда жон борлигини тан олди. Вилоят ИИБ тергов бошқармаси мутасаддиларига тегишли чора кўрилган.

Таъкидаш лозимки, вилоят прокуратурасининг телеграм каналида айни шу масаладаги ахборот эълон қилинган эди. Ахборотга кўра, биргина ўтган йилда судлар томонидан 482 нафар судланувчининг қилмишлари ёки умумий жиноят ишларидан 13,1 фоизининг қилмиши қайта квалификация қилинган. Бу ҳолатларни кескин камайтириш учун терговчилар малакасини ошириш тизимини қайта кўриб чиқиб, янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш юзасидан масъул шахсларга топшириқлар берилган.

- Яшириб нима қилдик, шу пайтгача наркотик моддалар, ўқ отар қурол, одам савдоси каби тизим ходимларининг ташаббуси билан очилиши мумкин бўлган жиноятларга статистик кўрсаткичлар ошиб кетмаслиги учун жиддий эътибор қаратилмаган, - деди Ш.Раҳмонов. – Аммо бугун талаб ва шароит мутлақо ўзгарди.

Депутатлар айни кунларда Самарқанд шаҳрида синтетик наркотиклар рекламаси кенг тарқалиб бораётгани, бу ҳолат турли оғир оқибатларга олиб келишини билдирди. Ушбу йўналишда ички ишлар идоралари ҳамда тегишли ташкилотлар, кенг жамоатчилик эътибор қаратилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, йўлларда тезликни чекловчи қурилмаларни амалдаги тартиб асосида ўрнатиш бўйича махсус ишчи гуруҳи ташкил қилинадиган бўлди.