Терговчи кундалигидан: Кўзойнак ёки машъум жиноят тафсилотлари
Замонавий қаҳвахона. Хўрандалар унчалик кўп эмас. Шуҳрат Комилани етаклаб қаҳвахонага кириб келганида соат 10 лар чамаси эди. Улар эрта-индин тўй қилишмоқчи, Комила қалбига тугиб келган сўнгги сўроқларига ҳам аниқлик киритмоқчи.
- Шуҳрат ака, - нозланди у. - Тўйдан кейин дам олишга кетсак, фирмангизнинг иши тўхтаб қолмайдими?
- Бе-е! - сир бой бермади Шуҳрат. - Ўринбосарлар эплашаверади. Ҳозир айтганимдек, “Чашма” ресторанини битказяпмиз. Насиб бўлса, ресторандаги биринчи тўй бизники бўлади.
Шуҳрат ўз кечмишини Комилага билдирмаган эди. Омадни қарангки, Раънохон ҳам Шуҳрат ҳақида эшитган узуқ-юлуқ гапларни унга айтмаган экан. Хайрият, Раънохон ҳам Россияга, эрининг ёнига жўнаб кетди. Энди у Комила учун фирма хўжайини сифатида қолаверади. Икковлон қаҳвахонада кечгача ўтиришди. Ароқнинг сўнгги хили-ю, пиво аралашига ичилаверди. Комила ҳам кайфнинг зўридан алжираб қолди.
Шуҳрат яна Меҳриойнинг уйига йўл олди. Уй бекаси қовоғини осилтирса-да, уларни кутиб олди. Эшикка Раънохоннинг уч фарзанди ҳам чопиб келишди. Улар Шуҳратдан бегонасирашмади, аксинча, мулойим табассум билан тикилиб туришди. Меҳриой “меҳмон”ларнинг кайфи анча баланд эканлигини сезиб, невараларига жаҳл қилди:
- Сенларга маймун ўйнатяптими, кириб ётинглар.
Бу орада Комила уй бекасининг ётоқхонасига кириб, диванга узала тушди. Шуҳрат ичкарига киришга уринаётган эди, Меҳриой унинг қўлидан ушлади:
- Биз энди кўчада қолдикми?
Комила маст бўлса-да, ҳаммасини англаб турарди. Меҳриойнинг киноясини эшитаркан, кўнглига оғир олди. Демак, Шуҳрат бу аёл билан ҳам дон олишиб юраркан-да. У жаҳл билан ўрнидан турдию, Шуҳратнинг “ҳой-ҳой”ига қарамасдан эшикни очганича, ўзини тун қўйнига урди.
Шуҳрат Комилага “уйланаман” деган ваъдалари ёлғон эканлигини ўзи биларди. Шу сабабли унинг кетишидан унчалик хафа бўлмади. Аксинча, аламини Меҳриойдан оладиган бўлди.
- Раъно қанжиғингиз қачон келади? - ўшқирди хонани бузгудек бақириб.
- Қанжиқ?! Келиним сенга қанжиқ бўлдими? Эрининг олдида ишлаб юрибди.
- У ҳароми мендан қарздорлигини биласизми?
- Қанақасига қарздор?
- Шунақасига! Сизга айтмаганмиди? Катта ўғлимни ит тишлади, деб мендан 230 минг сўм пул олган эди.
- Йўқ, - деди Меҳриой кескин оҳангда. - Шу ерда вақти нега сўрамадинг?
- Эримга айтдим, Россиядан пул жўнатади, деб ялтоқланганди-ку!
Хонадаги шовқиндан болаларнинг ороми бузилди. Улар бирин-кетин ўринларидан туриб, бувисига яқинлашишди. Меҳриой Шуҳратнинг юзидаги важоҳатни кўриб, болалар қўрқмасин, деган мақсадда уларни ташқарига чиқариб юборди. Ўзи ички хонага кириб, кўйлакларини ечди-да, эгнига гулоби халатини ташлади ва ҳали хона йўлагида турган Шуҳратнинг қаршисига келганича деворга суянди. У ўз туриши билан Шуҳратнинг ҳирсини қўзғатишга уринар экан, сўзи билан ҳам уни ўзига жалб этишни ўйлади.
- Хўш, Раънохон сендан қарздор экан. Унга берганингни мен узаяпман-ку, ҳаққини оляпсан.
- Ҳали қарзни узаяпман денг, - Шуҳрат ғазабини тилига чиқарди. - Мен бу пулларни пешона терим билан топгандим. Уйланишимга керак бўлади, деб йиғиб қўйгандим!
- Хафа бўлма, жонгинам, - Меҳриой уни юпатишга уринди. - Пул бўлса топилар.
Шуҳрат аёлнинг эркалашидан бироз эриди шекилли, эгнидаги сарғиш футболкасини ечиб, кўрпача устига ташлади. Лекин ҳали ғазабини йиғиб олмаган эди. Шуҳратнинг ечинганини кўриб, Меҳриой уни тўшакда ўзига келтираман, деган ўй билан ичкарига кирди. Шуҳрат ошхонага бориб у ердан ўткир пичоқни чап ёнига яшириб хонага кирди. Бағрига жазмани яқинлашишини интизорлик билан кутаётган Меҳриой Шуҳратнинг қўлидаги пичоқни кўриб, қўрқинчдан бақириб юборди.
- Нима қилмоқчисан?
Шуҳратнинг ғазабли овози янгради:
- Сен манжалақининг жазоси шу!
У аёлнинг кўкрак қафасига бир неча бор пичоқ санчди. Меҳрининг нафаси қўрқинчдан ичига тушиб, гапира олмади. Сўнгги ўтинчини ҳам айтолмасдан жон берди. Шуҳрат жиноят изини яшириш учун Меҳриойнинг икки қўлтиғидан кўтариб, ювиниш хонасига олиб ўтди ва жонсиз тананинг бош қисмини бетон деворга суяб қўйди. Қўлларидаги қон изларини ювди, қонга бўялган кўк рангли жинсисини ечиб, диван орқасига ташлади.
Шолча ва кўрпачадаги қон доғларини ювди. Бу орада ташқари эшик тақиллаб қолди, Меҳриойнинг уч невараси кечки сайрдан қайтган эди.
- Бувинглар тўйга кетди, - деди Шуҳрат ўзини йўқотмаган ҳолда ва болаларни ички хонага олиб ўтди.
Сўнг болалардан икки кичигини уйга қамаб, устидан қулфлаб, каттасини кўчага олиб чиқди. Пастдаги дўкончадан 200 грамм ароқ сотиб олиб ичди. Ўзини меҳрли кўрсатиш мақсадида болани нариги дўконга етаклади. Уни музқаймоқ билан сийлади. Шуҳрат уйга қайтиб, зиналардан кўтарилар экан, ҳамон хаёлида қотилликни қандай йўқотиш йўлларини изларди.
- Нима қилсам экан, - у ўзига-ўзи пичирларди. - Ҳозир номаълум томонга қочиб кетсамми? Болалар мени танишади-ку! Эртага айтиб қўйишса-я! Энг тўғри йўл - болаларнинг учаласини ҳам гумдон қилиш. Бирор гувоҳ қолмайди. Қандай қилиб йўқотиш мумкин?
Шуҳратнинг хаёлига разил ишлар келди ва дадиллик билан юқорига кўтарилди. Болалар ҳали ухлашмаган экан. Акасини уларнинг ёнига киритди-ю, ўртанчисининг қўлидан ушлаб, иккинчи хонага олиб ўтди ва ҳеч иккиланмасдан, уни ечинтириб, каравотга юзтубан ётқизди. Бола жонҳолатда типирчиларди. Шуҳрат унинг бошини пастга босди. Гўдак нафаси қайтиб, жон берди.
Ваҳший бу билан кифояланмади, кенжа гўдакни бошқа хонага кўтариб ўтди. Бу сафар гўдакни қийнаб ўлдиришнинг бошқа йўлини қўллади. Ошхонадан келтирган қизил дастали пичоқ билан унинг қорин қисмига бир неча бор урди. Бу қийноқ ва азоб етмаганидек, қўлига тушган резинали сим билан уни бўғди.
Энди болаларнинг тўнғичига навбат етди. Хайрият, у ухлаб қолган экан. Қонсираган Шуҳратга ҳам уйқу зўрлик қилди. Боланинг ёнига чўзилиб, кўзи уйқуга кетди.
27 августнинг мудҳиш саҳари. Эрта тонг, соат 4.00 лар чамаси. Шуҳрат ҳали уйқуда ётган болани диван устига олдиндан келтириб қўйган оқ сим билан бўйнидан қаттиқ сиқди. Бола жон берди. Шуҳрат уни судраб, нариги хонага ўтказди ва устига кўрпача ташлаб қўйди.
Энди сўнгги ният жуфтакни ростлаб қолиш эди. Бу пайтда соат 7:00 га яқинлашганди. У эшик томон яқинлашар экан, нимадир эсидан чиққандек яна орқасига қайтди. Энди унда қонли қўллари билан мурдаларнинг кийим-бошлари, қимматбаҳо буюмларини ўмариб кетиш нияти туғилганди.
* * *
Қотил кийим жавонининг ичидан қора рангли спорт шими ва яшил рангли футболкани олиб, устига кийди. Шифонерда боғланган бўғчани шошилмасдан боғичларини ечди. Унда икки боғлам 200 сўмлик ҳамда аралаш ҳолдаги 500 ва 1000 сўмликлар ётарди. Эринмасдан санади: 125 минг сўм. Шуҳрат чўнтагини қаппайтирар экан, эшикни қулфлади ва пастга тушиб, “Дамас”га ўтирганича Сиёб бозори томон йўл олди.
Қотил бозордаги ошхоналардан бирига ўзини урди. Одатига кўра 200 грамни ҳаром томоғига ташлаб олар экан, жонига бир оз ором киргандай бўлди. Лағмонни паққос тушириб, қаерга боришини билмасдан, кун бўйи санқиди. Одатий иши - хумори келганда бирор дўкон ёки ошхонага кириб, ароқ ичди. Бугунги зиёфат унга беминнат, чўнтак тўла ақча. Кайфини суравериб Шуҳрат кеч бўлганини ҳам билмай қолибди. Қаерга бориб тунасин? Қишлоққа қайтиб кетсинми? Тўғриси, анчадан бери Пулимуғобга борган эмас. “Чашма” ресторани қурилишидан кетиб қолганидан бери амакиси Қўлдошнинг олдида юзи йўқ. Нимасидан ташвиш қилади? Чўнтагида Меҳриойнинг калити бор-ку! У ҳеч иккиланмасдан “Дамас”га ўтирди. Бу пайтда вақт кечки ўндан ошган эди.
Шуҳрат чўнтагида калити бўлса-да, уйга қўрқинч исканжасида қадамини босди. У бирор киши кўриб қолишидан чўчиган эмас, аксинча, уйнинг турли бурчакларида ётган мурдаларнинг руҳи унинг бўйнига сиртмоқ соладигандек эди. Қотил ўша кеча мурдалар ёнида ухлади. Ухлади эмас, тонггача алаҳсираб чиқди. Ўрнидан туриб ювиниш хонасига борди. Даҳшат! Қонга бўялган Меҳриой унга совуқ тикилиб турибди. Хоналардаги норасидалар қандай юзтубан ётқизган бўлса, шундайлигича тошдек қотган.
Шуҳратнинг фақат бир нарсадан кўнгли таскин топди. Бугун 28 август. Қотиллигини икки кундан бери ҳеч ким сезгани йўқ, бирор кимса безовта қилиб, эшикни ҳам қоққани йўқ. У тонг саҳарда ўрнидан қўзғалар экан, яна шошилмасдан уйда тинтув ўтказди.
Бу сафар қўлига аёлларнинг кийимлари тушди. Шифонерни очиб, у ердан аёлларнинг кўйлаклари, юбкалар, этик, жемфер, кофта-юбка, оқ жун рўмол, ҳали кийимга айланмаган қимматбаҳо материалларни олди, диван устидаги кулранг гулли чойшабга ўраб, уларни Сиёб бозоридаги эски нарсаларни сотиб ўтирадиган аёлларга арзон-гаровга сотиб, кечгача маишат қилди.
Мурдалар эвазига тўпланган чойчақа ҳам тугаб борарди. Шу сабабли Шуҳрат хумори тутиб, яна мурдалар хонасига йўл олди. Ҳали унинг мўлжалига кўра, Меҳриойнинг тўплаган бисоти қўлга олинмаган эди. Туш вақтида хонага етиб келди-ю, тўғри марҳуманинг шифонер устидаги вазаларини ковлай бошлади. Уни ағдарганида ичидан бир дона катта қизил тошли узук, бир жуфт қубба шаклли, атрофи оқ тошли сирға, битта ингичка тилла занжир тушди. Шуҳрат хазина топган тентакдай эсанкираб қолди. Майдалаб сотиб есам, бир неча кун пичоғим мой устида бўлади. У ана шундай хаёл билан узукни қўлига олди, қолганларини дивандаги ёстиқ остига яширди. Шуҳрат иккиланмасдан таниши, кийимларни харид қилган аёл томон шошилди. Хайрият, аёл лаш-лушини йиғиштириб кетиб қолмаган экан. У узукка пулни нақд санаб берди. Шундан кейин қотил ўзини ҳар кунгидан кўпроқ тетик сезди, чўнтаги кўтаргани учун шаҳарнинг энг шов-шувли ресторанига бориб ўтирди. Қараса, вақт ҳам алламаҳал бўлган, у бу тунни ҳам марҳумлар ёнида ўтказишга қарор қилди.
29 август. Тонг маҳали. Шуҳрат хоналарга кириб, мурдаларга назар солди. Тошдек қотиб ётишибди. Аммо улардан қандайдир ёқимсиз ҳид кела бошлабди. Энди бу ерга келишнинг иложи йўқ. Шуҳратнинг қатъий қарори шу бўлди. У ёстиқ остида қолдирган тилла занжир ва бир жуфт сирғани чўнтагига солди-да, яна Сиёб бозори томон равона бўлди. Яна ўша аёлга мурожаат қилди. Тилла занжирни пуллади. Шуҳратнинг чўнтаги анча қаппайиб, кўнгли эски бир танишини тусаб қолди. Мардикорликда ишлаб юрганида Ҳалим ака деган киши билан суҳбати тўғри келиб қолган эди. Бир-ярим уйига бориб тунаган кечалари ҳам бўлган. Кунни бозор атрофидаги қаҳваҳоналарда кеч қилди-ю, сўнгра елим халтачага у-бу нарса харид қилиб, Ҳалим аканикига жўнади. Кийиниши-ю қўлидаги бозорлигини кўриб, Ҳалим ака Шуҳрат моддий аҳволи анча яхшиланиб қолганини сезди. Унга кўрпача солар экан, ҳазиломуз гап ташлади.
- Бу дейман, Шуҳратжон, ишларингиз анча ривожланиб қолган кўринади.
- Сўраманг, - деди меҳмон сир бой бермасликка уриниб. - Бироз Тошкентда ишладим, кейин Қозоғистонга бордим. Ҳар ҳолда насибамни топиб келдим.
- Яшанг, - деди Ҳалим ака. - Йигит дегани шундай бўлиши керак-да.
Уй бекаси чой қилди, Шуҳрат келтирган масаллиқдан ош дамлади. Улар алламаҳалгача отамлашдилар. Ҳалим ака эрта тонгда мардикорликка чиқишга тайёргарлик кўраётган эди, Шуҳратнинг мардлиги тошиб кетди.
- Акахон, бугунги харажат биздан, - у ёнидан бир даста пул чиқариб, дастурхон устига қўйди. - Ҳар куни ишга боравериб, чарчагансиз. Бугун бирга дам олайлик. Эртага қишлоққа тушаман, кейин яна "қозоқ"қа қайтиб кетиш ниятим бор.
Ҳалим ака меҳмоннинг таклифига рози бўлди. Хотинига овқат буюрди. Шундай қилиб, Шуҳрат 30-31 августни танишининг уйида, зиёфат дастурхонида ўтказди. Ҳали пул манбаи - чўнтагида бир жуфт сирғаси турибди. 1 сентябрь куни эрталаб Шуҳрат таниши билан хайрлашди. Ҳар иккаласи ҳам ўз йўлига кетишди. Шуҳрат яна йўлни Сиёб бозорига солди. Сирғани заргарлик дўконига кўрсатди. Улар нархини паст айтишди. Яна унинг жонига ўша аёл оро кирди. Шуҳрат сирғанинг пулини ҳам кечгача тугатди. Чўнтагида бир чақа ҳам қолмади. Хайрият, бозордаги сомсахонада қишлоқдошларидан бири ишлар экан. Унга ялинди:
- Эргашвой, мардикорнинг куни қурсин. Ҳар кун ҳам омадинг чопавермас экан. Пулдан қарашиб тур. Соч-соқолимни олай, эртага бозорга кирганимда ташлаб ўтарман.
Эргаш номини тутган йигитга синчиклаб тикилди. Қишлоқда ўғри деб донг таратган Шуҳрат. У билан ади-бади айтишиб ўтириш-нинг фойдаси йўқ. Эргаш чўнтагидаги борини чиқариб, узатиб юборди. Алдамаган экан, у тўғри сартарошхонага кирди. Соч-соқолини олдириб бўлгач, сартарошга илтимос қилди.
- Менинг шу тугунчам, - эски иш кийимлари солинган елим халтачани кўрсатди, - бозорни айланиб келгунимча ёнингизда турса.
Сартарош йўқ демади. Лекин Шуҳрат шу кетганича қайтиб келмади. Балки у қилмишини аниқловчи тезкор тергов гуруҳнинг изидан тушганини сезиб қолгандир? Чунки ўша куни терговчилар Сиёб бозорида бўлишди. Қотилнинг навбатдаги қадами сартарошхонага етгани маълум бўлди. Сартарош ички ишлар ходимларига у қолдириб кетган елим халтачани кўрсатди. Қотилнинг қочар йўли қисқа бўлди. Эртаси куни қўлга олиниб, панжара орқасига ташланди. Тўрт кун эгасиз ётган тўрт марҳумнинг хонадонида қолган қўл излари Шуҳратнинг қонли қўлларига айнан мос тушди.
Суд ҳамиша кўзига қора кўзойнак тақишни одат қилган Шуҳрат Оллоёровнинг қилмишига яраша узоқ муддатли қамоқ жазосини берди. Аммо энг ачинарлиси, уч ёш, норасида гўдакларнинг умри хазон бўлди, уларни тарбиялаган бувининг ҳам умри қонли қўллардан янчилди. Фарзандларини ташлаб Россия кўчаларида тирикчилик ва ризқ илинжида юрган ота-онанинг бағри эзилди, турмуши парчаланди, рўзғори бузилди.
Воқеа содир бўлганидан буён анча кунлар ўтса-да, ҳамон бир ўй тинчлик бермайди: Шуҳрат сингари ҳаётга қора кўзойнак орқали боқувчилар бошқа йўқмикан?! Бундай кимсалардан Аллоҳнинг ўзи сақласин.
Исматилла Йўлдошев.