"Қалқон"  ва "Барс"  жамоалари мусобақа ғолиблари

Самарқанд шаҳридаги "Динамо" ўйингоҳида “Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Миллий гвардия, Халқ таълими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари  ва Ёшлар  иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманларда ғолибликни қўлга киритган умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчиларидан иборат 12 та жамоа иштирок этди.

Мусобақа иштирокчилари умумҳимоя тўпламини кийган ҳолда заҳарланган ҳудуддан ўтиш, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, саф тайёргарлиги, югуриш, билимлар беллашуви каби 9 та шарт бўйича ўзаро беллашди.

Муросасиз тарзда ўтган мусобақа якунига кўра, Булунғур туманидаги 13-умумтаълим мактабининг "Қалқон" ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги 11-ИДУМнинг "Барс" жамоалари мусобақада юқори натижаларни қайд этиб, мутлақ ғолиб бўлди ва республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, кубок ва эсдалик совғалари топширилди.