“Қамчин ота” зиёратгоҳи қачон ўрганилади?

Жомбой тумани Саричашма маҳалласидаги “Қамчин ота” зиёратгоҳи йиллар давомида эътибордан четда қолиб келди.

Сайид Авлиёхожа, Шодмон Сайид, Қамчин ота номлари билан аталувчи бу тарихий шахс аслида ким бўлган? Унинг шарафига бунёд этилган дахма ва қабртошидаги ёзувлар нимани англатади?

Комилхон Каттаев томонидан тузилган Маҳдуми Аъзам шажарасида Саййид Авлиёхўжа номи учрайди. Унинг вафот этиш санаси 1822 йил деб кўрсатилган. Қамчин ота билан боғлиқ ривоятда ҳам Шодмон Саййиднинг Маҳдуми Аъзам авлоди эканлигига ишора бор.

Қизиғи, дахма ёнидаги иккита қадимий қабртош Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳидаги тошларни эслатади. У ерда 500 ёшдан ошган чинор ўсади. Худди шундай дарахт Қамчин ота дахмаси ёнида ҳам кўкка бўй чўзган. Қишлоқ нуронийларининг айтишича, қадимий чинор қирқ-эллик йил аввалги ёнғин туфайли олов ичида қолади. Аммо танасидан янги ниҳоллар ўсиб, яна қаддини тиклайди.

Қамчин ота номи билан боғлиқ ривоятда айтилишича, Шодмон Саййид вафотидан аввал қамчисини ерга суқибди. Ёғоч қамчи эса униб, чинорга айланибди. “Қамчин ота” номи шундан қолган экан.

Манбаларда қайд этилишича, Маҳдуми Аъзам авлодидан элликка яқин шайх ва шариат пешволари етишиб чиққан. Бу авлод вакиллари ҳозиргача Самарқанд атрофида истиқомат қилади.

Қабристон ичида қадимий масжид ҳам бор. Зиёратга келувчилар сони кўпайгач, дахма ёнидан масжид қурилади. Кейинги йилларда қабристон ҳудудидан бошқа қадимий қабртошлар ҳам топилди.

Боботепа қишлоғидаги 200 йиллик қабристон, дахма, масжид ҳамда Маҳдуми Аъзам авлодига нисбат берилган юқоридаги номлар дастлабки маълумотлар асосида тўпланди. Айни вақтда қабристон атрофи тубдан ободонлаштирилган. Қадимий дахма ҳашар йўли билан таъмирланиб, устидан мақбара бунёд этилди.

Аслида, яратилганига юз йилдан ошган ҳар қандай буюм тарихий ашё, нодир манба ҳисобланади. “Қамчин ота” қарийб икки-уч юз йиллик манзилгоҳдир. Зиёратгоҳ ҳудудидаги тарихий манбаларни ўрганиш авлодлар олдидаги муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Бибиражаб ЭЛБЕКОВА,

"Жомбой тонги".