Қарз олди-бердиси: оқибат келиб чиқишидан олдин муҳокама қилинади
Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси З.Аллабоев, вилоят суди судьялари Ф.Қаршиев ва З.Равшанов ҳамда Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари Б.Ваҳобовлар томонидан Самарқанд шаҳар академик лицейида корхона ва ташкилотларнинг юрист маслаҳатчилари ҳамда тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда тадбиркорларга яратилган имкониятлар ва судьялар томонидан «Қарз ва кредит шартномаси юзасидан низолар»ни судсиз ҳал этиш, шунингдек, янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ёритиб берилди.
- Президентимиз кеча, 20 август куни Тошкент шаҳридаги Халқаро анжуманлар саройида тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди, - деди вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси З.Аллабоев. – Унда тадбиркорлар ва ишбилармонларга фаолият юритишлари учун барча шарт-шароит яратилишини, хусусан, кредит олиш масалалари ҳамда уларнинг суд билан боғлиқ ишларини соддалаштиришни таъкидлади. Бугунги мулоқотда иштирокчиларга Президентимиз илгари сурган фикр ва таклифларни ҳам тушунтирдик.