Қасдма қасд қурилган уйлар

Уларнинг пайдо бўлишига ажрашишлар, мерос олиш можаролари, қўшни ёки амалдорлар билан бўлган келишмовчиликлар сабаб бўлди. Бошқаларнинг тинчлигини абадий бузган ғаройиб уйлар билан танишинг.

"Ёвуз уй”

Ғарб меъморчилигида spite house (инглиз тилидан “ёвуз уй” деб таржима қилинган) тушунчаси мавжуд. Бировнинг тинч ҳаётини ҳақиқий дўзахга айлантириш мақсади билан қурилган биноларга шундай ном берилган. Улар замонавий қурилиш қоидалари қабул қилингунга қадар жуда кенг тарқалган эди. Бундай бинолар йўлларни ёпади, қуёш нурларига тўсқинлик қилади ёки шунчаки қўшни деразаларидаги кўринишни бузади.

Эгалари бундай уйлардан доимий яшаш учун фойдаланишни режалаштирмаганликлари сабабли, улар кўпинча ноқулай ва бесўнақай бўлиб қолган. Spite houseларнинг аксарияти АҚШда жойлашган.

Океан кўринишини тўсмоқ

Биринчи жирканч уйлардан бири 1715 йилда Массачусетс штатининг Марблхед қирғоқбўйи шаҳрида пайдо бўлган. Унинг муаллифи елкан ясовчи уста Роберт Вуд ҳисобланади. Афсонага кўра, у акасидан хафа бўлган ва отаси меросининг кичик қисми теккан маҳаллий балиқчи учун уй қурган. Биродарига ғазабланганини кўрсатиш учун мижоз акасининг данғиллама уйи ёнида уч метрли тақаб қурилган иморат ясашни ва шу билан Атлантика океани кўринишини тўсиб қўйишни илтимос қилди. 300 йилдан сўнг, Орн-стриттдаги ғайриоддий уй мукаммал сақланиб, ҳозиргача фойдаланилиб келинмоқда.

Шаҳар амалдорларини ғазаблантириш

1814 йилда Фредерик шаҳридаги таниқли офтальмолог Жон Тайлер амалдорлар кўчани кенгайтириб, унинг ҳовлиси орқали йўл очмоқчилигини билиб олди. Шифокор нима бўлса ҳам ушбу режанинг амалга ошишига йўл қўймасликка қарор қилди. Бундан ташқари, маҳаллий қонунчиликда уй ёки пойдевор бўлган жойларда йўллар қуриш тақиқланган эди. Америкалик тунда ўз режасини амалга ошира бошлади, эрталаб йўлсозлар етиб келганида, ишчилар аллақачон уч қаватли данғиллама уй қуриш учун қизғин ош олиб боришганининг гувоҳи бўлишди. Ер эгаси эса курсида ўтириб қурилишни кузатарди.

Қуёш нурларини тўсиш

Холл кўчасидаги оч яшил рангдаги тўрт қаватли уй Бостоннинг энг тор биноси саналади. Унинг кенглиги 3,16 метрни ташкил этади, шунингдек, унда олд эшик йўқ - ичкарига деразага ўхшаш ён эшикдан суқилиб кириш мумкин, холос. Кичкиналигига қарамай бу кўчмас мулк яқинда 895 минг долларга сотилган. Ғалати уйнинг кўриниши жанжал билан боғлиқ. Акаси уруш пайтида, биродари марҳум отасининг ерларини ўзлаштириб олган. Мулкига хиёнат қилганини билиб қолган ака 1874 йилда урушдан қайтиб келгач, укасининг қуёш нурларини тўсиб қўядиган уй қурди. 

Собиқ хотиндан қутулиш

Массачусетс штатидаги Ньюберипортда турган ёлғиз пушти рангли уй кўпларни ҳаяжонга солиб келади. Бу чириган ташландиқ бино шўр ботқоқнинг марказида жойлашган. Журналист Кейт Болик томонидан ўтказилган ўрганишга кўра, уй бу ерда 1925 йилда пайдо бўлган. Ажралиш шартномасининг шартларига кўра, эр ўз хотинига оила яшайдиган уйнинг аниқ нусхасини қуриб бериши керак эди. Аммо ҳужжатда қурилажак уйнинг жойи кўрсатилмаган. Фурсатдан фойдаланиб қасоскор собиқ севгилисига зарар етказиш учун харобазорда уй қурди.

Хасис қўшнидан қасос олиш

1908 йилда қўшниси ерини сотиб олмоқчи бўлиб таклиф қилган нархини бермаганлиги учун кембрижлик ишбилармон Френцис Орайли унга қасос қилиш ниятида бу ердан ўзи фойдаланишга қарор қилди ва 28 квадрат метрлик жойда уй қурди. Кичкина бино бугун ҳам фойдаланишда - у дизайнерлик фирмаси томонидан ижарага олинган. Офис ходимларининг таъкидлашича, улар ўзларини 3D реклама тахтаси ичида ҳис қилмоқда, бу уй сайёҳлар орасида жуда машҳурдир.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.