Қайта молиялаш ставкаси ошди: Мижозларнинг кредит фоизи қандай ҳисобланади?

Шу каби саволлар билан Марказий банк вилоят бош бошқармаси иқтисодиётнинг базавий тармоқларини молиялаштириш бўйича тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бош иқтисодчиси Беҳрўз ХУДОЁРОВга мурожаат қилдик.

- Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши кейинги вақтда юзага келган ташқи иқтисодий вазият инобатга олинган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган.

Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарлар ҳамда инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилади.

- Демак, қайта молиялаш ставкасининг оширилиши миллий валюта - сўмнинг инфляцияси ва инфляцион кутилмалар билан боғлиқ, шундайми?

- Қайта молиялаш ставкаси фоизлари мамлакат иқтисодиётининг умумий аҳволи ва мамлакатдаги инфляция даражасидан келиб чиқиб белгиланади. Мамлакатда инфляция даражаси ошиб борса, Марказий банк ҳам қайта молиялаш ставкасини ошириб боради. Агар инфляция даражаси пасайса, қайта молиялаш фоизи ҳам паса­йиб боради. Дунёда, ҳатто, манфий қайта молиялаш ставкасига эга мамлакатлар ҳам бор. Масалан, Японияда ҳозирги кунда қайта молиялаш ставкаси манфий 0,10 фоиздан иборат.

Бизда эса йиллик инфляция даражаси 2018 йилнинг август ойида ҳам дастлабки прогноз кўрсаткичлари доирасида пасайишда давом этиб, 15,7 фоизни ташкил этди. Мазкур динамика мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий арзонлашиши ҳамда 2017 йилдаги пул массаси ошиши ва миллий валюта девальвациясининг инфляция даражасига таъсирининг камайиб бориши билан изоҳланади.

 - Бу ўзгариш билан кредит расмийлаштирган ва фоиз ҳисобланаётган мижозларга нисбатан қарз миқдори қандай ҳисобланади? Умуман, қайта молиялаш ставкасининг оширилиши кредит бериш тартиблари ва турларига қандай таъсир кўрсатади?

- Қайта молиялаш ставкаси бўйича кредит олган шахслар банк билан тузилган кредит шартномасига кўз югуртиришлари лозим. Шартноманинг "Кредит шартлари" бўлимида кредит бўйича фоиз ставкаси кўрсатилган бўлади. Агар фоиз ставкаси шартномада аниқ 14 фоиз қилиб белгиланган бўлса, унда қайта молиялаш ставкаси 16 фоизга ошса ҳам белгиланган миқдорда (14 фоиз) тўлайверади. Агар шартномада фоиз ставкаси "Жорий қайта молиялаш ставкаси бўйича", дея кўрсатилган бўлса, унда 25 сентябрдан бошлаб оширилган 16 фоизда тўланади. Янги олинадиган кредитлар бўйича эса фоиз ставкалар ҳар бир тижорат банкининг кредит ва фоиз сиёсатидан келиб чиққан ҳолда мустақил тарзда белгиланади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.