Қирғизистон Бош вазири меҳнат таътилидаги барча тиббий ходимларни иш жойига қайтариш бўйича топшириқ берди
Қирғизистон Бош вазири мамлакатда COVID-19 инфекциясига чалинганлар сони кескин кўпайиб бораётганлиги сабабли, меҳнат таътилига чиқарилган барча тиббий ходимларни иш жойига қайтариш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 8 июль куни мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
“Меҳнат таътилига чиқарилган барча тиббий ходимларни иш жойига қайтариш зарур. Қирғизистон Республикаси Бош вазири Қубатбек Боронов Республика тезкор штабининг навбатдаги йиғилишида шундай топшириқ берди”, дея таъкидланди матбуот хизмати хабарида.
Вазирнинг сўзларига кўра, республикадаги эпидемиологик вазият янада қатъий чоралар кўрилишини талаб этмоқда.
“Умид қиламизки, шифокорлар илтимосимизни тўғри тушунади ва тез кунларда уларни иш ўринларида кўрамиз. Айни вақтда Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида касаллик хуружи кузатилмоқда. Тиббий ходимлар одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кечаю-кундуз оғир шароитларда ишламоқда. Бу курашга ёрдам бериш учун туманлардаги шифокорлар ҳам кўнгилли бўлиб келишди. Ҳатто мамлакатдан ташқарида яшовчи тиббий ходимлар ҳам четда қолмади. Бироқ вилоятлардаги аҳоли ҳам малакали тиббий ёрдамга муҳтож. Шу сабали, барча меҳнат таътилига чиқарилган соғлиқни сақлаш ходимларини хизматига қайтишга чақираман. Ҳозирги вазият шуни талаб этмоқда”, деб таъкидлади ҳукумат раҳбари.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, бугунги кунга келиб мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 8 279 нафарга етган, 112 нафар ўлим ҳолати қайд этилган ва 2 983 нафар бемор тузалган.