Қирғизистон президентининг самолёти техник стандартларга жавоб бермагани учун Буюк Британияга киритилмади
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг самолёти техник талабларга жавоб бермагани учун Буюк Британияга киритилмаган. Қирғизистон президент маъмурияти давлат раҳбари Глазгога парвоз қилишга шахсий самолётни ижарага олишга мажбур бўлганини хабар қилган. Мазкур сафар БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенция иштирокчиларининг 26-конференцияси жаҳон етакчилари саммитида қатнашиш учун амалга оширилган эди.
"Давлат раҳбари учган “Борт-1-Ту-154” самолёти Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг техник стандартларига мос келмаслиги маълум бўлди. Шу муносабат билан Қирғизистон томонга ушбу турдаги самолёт қўнишига имкон йўқлиги ҳақида хабар берилди. Талабга мувофиқ Қирғизистон делегациясини шахсий самолётда олиб учишга қарор қилинди", дея агентлик маъмурияти вакилига иқтибос келтиради.
Хабарга кўра, Жапаров Глазгога Embraer Lineage 1000 хусусий самолётида учган. Президент 1 ноябрь куни Буюк Британияга етиб боргани ва бугун саммитда нутқ сўзлаши маълум қилинди.
“Борт-1-Ту-154” Қирғизистон собиқ президенти Қурманбек Бакиевга 2006 йилда Россия раҳбари Владимир Путин томонидан совға қилинган эди. У 1993 йилда ишлаб чиқарилган.