Қирғизистонда оммавий норозилик намойишлари бошланди
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш талаби билан оммавий норозилик ҳаракати бошланди. Бу ҳақда 5 октябрь куни “Sputnik Киргизия” хабар берди.
Мағлубиятга учраган 12 та мухолифат партиянинг 10 таси сайловларнинг дастлабки натижаларини тан олишдан бош тортди. “Бир Бол” партияси етакчиси Алтинбек Сулайманов ҳукумат билан боғлиқ бўлган партиялар иштирокисиз янги сайловлар ўтказишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бундай расво сайловлар ҳали бўлмаган ва мамлакат бутун дунё олдида шарманда бўлган.
Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларида рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 56,5 фоизи қатнашди. 16 та партия янги парламентнинг 120 ўрни учун кураш олиб борди.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий куч сайлов остонасини кесиб ўтишга муваффақ бўлган. Бунда “Биримдик” партияси 46, “Мекеним Киргизстан” – 45, “Қирғизистон” - 16 ва “Бутун Қирғизистон” - 13 депутатлик мандатига эга бўлди.