Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги совуқ туфайли ҳосил йўқотилишини баҳоламоқда

Вазирлик февраль ойи охирида бўлган совуқнинг қишлоқ хўжалиги ҳосилига таъсирини ўрганмоқда. Ҳозирда барча вилоятлар ва Қорақалпоғистондаги боғлар, узумзорлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ерларининг тўлиқ мониторинги олиб борилмоқда, деб хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Газета.uz» га.

Таъкидланишича, совуқ об-ҳавонинг биринчи униб чиққан ниҳол, гул ва дарахтларнинг кўчатларига таъсирини, шунингдек музлашга қарши барча оператив чораларнинг натижаларини совуқ кунлардан 3−4 кун ўтгач баҳолаш мумкин.

Шу сабабли, боғ ва узумзорларни кўриб чиқиш тадбирлари нисбатан барқарор илиқ об-ҳавонинг бошланиши билан ташкил этилди, яъни ўсимликларни сақлаб қолиш учун қилинган чора-тадбирлардан маълум вақт ўтгач, дея таъкидлади вазирлик.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг боғдорчилик, узумчилик, полиз ва картошка етиштиришни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қирғизбоевнинг сўзларига кўра, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда унга вазирликка қарашли ташкилотлар томонидан олимлар ва мутахассислар ҳосилни йўқотишларини аниқлаш учун жалб қилинмоқда. Шу билан бирга, улар 2021 йилда етиштириладиган ҳосил ҳажмини ўрганади.

«Шимолий ҳудудларда совуқ таъсир этган боғ ва узумзорларга алоҳида эътибор берилмоқда, у ерда совуқ қаттиқ бўлди, яъни -22 даражагача. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу минтақаларда февраль ойининг 1−2 ўн кунлигида жанубий вилоятларда бўлгани каби аномал иссиқ об-ҳаво бўлмаган ва шунинг учун ўсимликларнинг аксарият қисми куртак отмаган. Бу бизга шимолий ҳудудларда катта йўқотиш бўлмайди деб тахмин қилишимизга асос беради», деди у.

Мутахассис мамлакатнинг жанубий вилоятлари ҳам катта йўқотишларнинг олдини олишга муваффақ бўлганига умид билдирди. «Мониторингнинг якуний натижалари ҳамма нарсани кўрсатади», деди Фахриддин Қирғизбоев.

Қишлоқ хўжалиги ерларини кузатиш якунига кўра, натижалар ҳар бир алоҳида вилоят ва ҳаво ҳароратининг кучли ўзгариши туфайли хавф остида бўлган барча экинлар кесимида тақдим этилади.