Қиз болага кўтарилган қўл жамиятга отилган ўқдир

Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенглик» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди. Институт хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши томонидан ташкил этилган конференцияда вилоятдаги барча олий таълим муассасаларининг хотин-қизлар билан ишловчи ходимлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар ZOOM дастури орқали иштирок этди. Конференцияни институт ректори Ж.Ризаев олиб борди.
Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим прокурори И.Собиров, Самарқанд шаҳар 3-сон ИИБ катта иснпектори З.Шарапова зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси бўйича мамлакатимизда амалда бўлган қонунчилик ва унинг ижроси ҳақида сўз юритди.
- Зўравонликка учраган хотин-қизлар биринчи галда руҳий далдага муҳтож бўлади, - дейди Самарқанд шаҳар аёллар ижтимоий мослашув маркази маслаҳатчиси Г.Ҳусаинова. – Шунинг учун марказимизга мурожаат қилаётганларга аввало, руҳшунос, тажрибали онахонлар ёрдам кўрсатади. Тиббий, ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилади. Фаолиятимдан келиб чиққан хулосаларим шундан иборатки, хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаш фақатгина улар бу ҳолатга тушгандан сўнггина амалга ошириладиган жараён эмас. Аввало, ҳар бир оилада, таълим муассасасида бу йўналишда ишлаш керак, қиз болага қўл кўтариш фақат оиладаги нотинчлик эмас, жамиятдаги нотенгликни келтириб чиқаришини уқтиришимиз лозим.
Конференцияда хотин-қизлар билан ишловчи мутасаддилар ҳуқуқни муҳофаза этувчи ташкилотлар вакилларидан соҳага оид саволларига жавоб олишди.
Гавҳар ХУДОЙБЕРДИЕВА,
институт хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси.