Қизиқчиларни уятда қолдирган Кулмасой
1907 йилда Нью-Йоркдаги эстрада шоуларининг юлдузига айланган бир аёл томошабинларни қизиқтира бошлади. Гарчи, у ўзининг спектаклларида ҳеч нарса қилмасдан саҳнада турса-да, катта залларни тўлдириб одам йиғар эди. Ушбу томошаларда йиғилганлар қизни кулдириш илинжида бўлар, у эса Кулмасой маликадек (рус эртакларининг қаҳрамони) пинагини бузмасдан, ўз хотиржамлиги ва осойишталигини сақлаб турарди.
Сьюзан Келлига ҳайратланарли ҳазил туйғуси етишмаслиги сабаб хўмрайган Сью деб ном беришди. Аввалига Кулмасойни залдаги томошабинлар кулдирмоқчи бўлишди, у эса уларга қараб фақат елка қисиб қўярди. Бу каби кўнгилочарлик томошабинларни зериктира бошлагандан сўнг имресарио ва театр менежери Вилли Ҳаммерштейн у билан «курашиш»га киришди ва мамлакатнинг энг яхши қизиқчиларини таклиф қила бошлади. Улар хўмрайган Сью билан бирга томошабинларни ҳам кулдирар эди. Лекин қиз хушчақчақликларга жавобан муздек хотиржамлик кўрсатарди.
Шоу ниҳоятда муваффақиятли ўтар, чунки Сьюнинг «кулиш-кулмаслиги»ни кузатиш билан бирга томошабин энг яхши комедиячилар спектаклларида қатнашиш имкониятига эга бўларди. Бу ғояни ўйлаб топган «даҳо» оригинал жанрдаги энг яхши ижрочиларни театр саҳнасида бепул иштирок этишини таъминлаш орқали ўзининг театри ишларини йўлга қўйиб олди. Хўмрайган Сьюнинг кулгиси учун мукофот – агар у табассум қилса, 100 доллар, чин кўнгилдан кулса 1000 доллар (ўша пайтда бу жуда катта пул эди) белгиланган эди. Шу сабабли комедиячилар катта пул ютиб олиш ниятида театрга келишганди ва бу профессионал қизиқиш ҳам эди. Қизнинг ўзи эса спектакллар учун ҳафтасига атиги 20 доллар оларди. Шу тариқа лойиҳа ҳар жиҳатдан фойдали эди.
Қизиқчилар учун Сьюни кулдириш обрў-иззат масаласига айланди. Лекин қиз шоу яратувчиларининг ҳафсаласини пир қилмади. Залда томошабинлар қаҳ-қаҳ отиб кулишар, Кулмасой эса муздек қотганди. Айтиш керакки, ўша пайтда бу каби театр томошаларига талаб жуда юқори эди. Шоу яратувчилари томошабинларни ҳайратда қолдириш ниятида ҳар хил ҳийла-найранглар ўйлаб топишар, шу сабабли асл жанрдаги актёрлар шоулари ва ноодатий кўринишни намойиш этадиган хунук одамлар фрик шоуллари гуллаб-яшнарди. Шу билан бир қаторда бадқовоқ Сьюнинг чиқишлари ва унинг ғазабланган машҳурлиги ажабланарли туюлмасди.
Вақт ўтиб, томоша одамларни зериктириб қўйди, газеталарда шоу ижодкорларининг айёрлиги тўғрисида баҳс-мунозалар бўла бошлади. Хўмрайган Сью кулмаслиги шубҳа туғдириб, эҳтимол у кўр ёки кар, деган хаёллар фикрлар ҳам айтилди. Лекин Сью журналистлар билан суҳбатлашар, унинг кулмаслиги тўғрисидаги саволларга у «Шунчаки кулгили эмас», деб жавоб берарди. Хўмрайган Сью шоуси шу қадар машҳур эдики, ХХ асрнинг ўрталаригача ўша тахаллусни олиб, унинг тақлидчилари цирк ва эстрада шоуларида чиқиш қилишди. Кейинчалик жамоатчиликнинг диди ўзгариб, бу каби намойишлар тўхтатила бошланди.
Сью ўз фаолиятини тугатганидан сўнггина, театр афишаларидаги рекламалар олиб ташланди. Кейинчалик маълум бўлишича, қизда аслида нодир туғма патология – юз ифодаларининг тўлиқ йўқлиги - Мёбиус синдроми касаллиги аниқланган. Бир қарашда юз алоқалари фалажи гапирган пайтда сезилмайди. Аммо кулиш учун имконият бермайди. Бу касаллик унинг чиқишларидан кейин аниқланган. Шунинг учун ўша йилларда ҳатто шифокорлар ҳеч қачон табассум қилмаган қизнинг сирини оча олмаган.
Сьюзаннинг кейинги тақдири номаълум. Афтидан у ёлғиз ҳаёт тарзини олиб борган. Чет эллик Кулмасойнинг хотираси ҳали ҳам Америкада «бу ҳатто хўмрайган Сьюни кулдириши мумкин», деган ибора билан сақланиб қолган.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.