Қизлартепа ва Кофирқалъа ёдгорликларида нима гаплар?
Самарқанд археология институтида Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев олийгоҳ ходимлари, археология меросини тадқиқ этиш бўйича ҳамкорликда изланиш олиб бораётган Италиянинг Болонья университети, Хитойнинг Шимолий ғарбий университети, Жанубий Кореянинг Маданий мерос фонди ходимлари билан учрашув ўтказди.
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган “Музейшунослик ва археологик тадқиқотлар: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” мавзусидаги халқаро форум доирасида ташкил этилган мазкур учрашувда маданий мерос соҳасидаги илмий ҳамкорлик, тадқиқот натижаларини оммалаштириш ҳамда очиқ осмон остида музейлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
- Институтимиз ҳамда Корея Маданий мерос фонди ҳамкорлигида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Самарқанд маданий ва туризм ресурсларини ривожлантириш, салоҳиятини ошириш” лойиҳаси ишлаб чиқилган, - дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. - Бугун ушбу лойиҳа асосида Самарқанд шаҳридаги Қизлартепа тарихий ёдгорлигида қазув ва тадқиқот ишлари бошланган. Икки босқич - май-июнь ҳамда оетябрь-ноябрь ойлари учун мўлжалланган тадқиқот ишлари давомида олдимизга Қизлартепа ёдгорлигининг тарихи, даври, ўз даврида иншоотдан нима мақсадларда фойдаланилгани ва унинг шаҳар тарихидаги ўрнига аниқлик киритиш, мажмуани туризм объектига айлантириш вазифалари қўйилган.
Самарқанд археология институтида маданий меросни сақлаш ва тадқиқ қилиш бўйича консервация ва бошқарув маркази ташкил этилган бўлиб, Қизлартепа ёдгорлигини биргаликда қазиш ва тадқиқ қилиш орқали туризм ресурслар салоҳиятини кучайтириш, шаҳардаги маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва инвентаризация қилиш ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, италиялик археологлар томонидан Кофирқалъа тарихий шаҳарчасида амалга оширилаётган тадқиқотлар кўлами ва янги ноёб топилмалар устида ишлаш масалалари ҳам учрашув иштирокчилари диққат-марказида бўлди.
Турсунали Қўзиев Қизлартепа ёдгорлигида амалга оширилаётган археологик қазув ишларига бевосита гувоҳ бўлар экан, бу тадқиқотларнинг нафақат мамлакатимиз, балки дунё маданияти, илм-фани тарихи учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Бажарилаётган консервация, реставрация ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берди. Бу борада кореялик, италиялик ҳамда хитойлик мутахассисларнинг таклифлари тингланди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.