Қонунга бўйсунмаган ўқитувчи яна суднинг қора курсисига ўтирди
Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори ва нуфузи шу мамлакатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Аммо шундай инсонлар борки, берилган имкониятлардан тўла, оқилона фойдаланмасдан, қонунга амал қилмайди.
Навоий вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи жиноят ишлари бўйича Конимех тумани судига тақдимнома билан мурожаат қилган. Унда таъкидланишича, маҳкум Д.А.га жиноят ишлари бўйича Конимех тумани судининг 2018 йил 18 ноябрдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айбли деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Суднинг ҳукми 2018 йил 3 декабрда Конимех тумани ИИО пробация гуруҳига келиб тушганлиги ва рўйхатга олинганлиги, маҳкум Д.А. туман ИИБга таклиф қилиниб, унга жазони ўташ тартиб қоидалари, назорат талаблари ва у томонидан келгусида жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги тушунтирилиб, тилхат, тушунтириш хатлари олинган, у билан профилактик суҳбат олиб борилган.
Маҳкум Д.А. Конимех туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида ишлаб, жазо муддатини ўтай бошлаган. 2019 йил 4 сентябрда ўзининг аризасига асосан ушбу мактабдан ишдан озод қилинган ва шундан кейин маҳкум Д.А.ни ишга жойлаштириш бўйича туман бандликка кўмаклашиш марказига 3-4 маротаба йўлланма берилган. Лекин маҳкум Д.А. ишга жойлашмасдан, суд томонидан белгиланган жазо муддатини ўтамасдан келганлиги, ундан ишга кириш ва жазони ўташ бўйича тушунтириш хатлари ва тилхатлар олинганлиги, унга йўлланма берилишига қарамасдан, жазони ўташдан бўйин товлаб, ишга жойлашмаганлиги сабабли маҳкум Д.А.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Конимех тумани судининг 2018 йил 18 ноябрдаги ҳукмига асосан тайинланиб, 2020 йил 16 январдаги ажримига мувофиқ 1 йил 4 ой 29 кун озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган, жазонинг ўталмай қолган 1 йил 14 кун озодликни чеклаш жазоси худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
Мухтасар айтганда, Д.А. ўзига нисбатан чиқарилган чекловларга амал қилмасдан, мунтазам равишда белгиланган қонун-қоидаларни менсимасдан, қўпол равишда бузиб келганлиги сабабли яна бир бор суднинг қора курсисига ўтирди.
Ф.ҚАҲҲОРОВ,
жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суд раиси.