Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Қора бозор”чининг 3 минг доллари мусодара қилинадиган бўлди

Хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлик учун жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида бир неча бор таъкидланиб келинаётган бўлса-да, айрим фуқароларнинг бунга амал қилмаётганлиги ачинарли ҳолат, албатта.

Шохбоз (исмлар ўзгартирилган) бу қонунни билса-да, бунга парво қилиб ўтирмади. 2020 йил 29 сентябрь куни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Созлаб ол савдо мажмуасида жойлашган озиқ-овқат савдо дўконида 3.000 АҚШ долларини 10.350 сўмдан баҳолаб, жами 31.050.000 сўмга Жанабек Б.га сотган вақтида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Навоий вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ушланди. Ундан 3.000 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

Суд жазо тайинлашда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида Шохбознинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлиги, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинлашни лозим топди.

Суд ашёвий далил масаласини муҳокама қилиб, судланувчидан ашёвий далил тариқасида олинган, ТИФ “Миллий банк”нинг Навоий бўлимига вақтинча сақлаш учун топширилган 3.000 АҚШ доллари ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг давлат фойдасига мусодара қиланадиган бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди раиси Фаррух Қаҳоровнинг маълумот беришича, Шохбозга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 13.380.000 сўм жарима жазоси тайинланган.