"Қорадори 2020" тадбирлари натижасида 300 нафардан ортиқ шахсга нисбатан жиноят иши очилди
Тошкент вилояти ИИББнинг 2 мингдан ортиқ ходимлари туну кун карантин тадбирларига хизмат қилиш билан бирга, вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, жиноятларни иссиқ изида фош этиш ҳамда ҳудудларда ижтимоий муҳитни яхшилаш юзасидан бир қатор тадбирларда фаол хизмат қилмоқда.
Жумладан, жиноят қидирув бошқармаси ҳамда соҳавий хизмат ходимлари томонидан «Қора дори-2020» кенг қамровли тадбири давомида таркибида наркотик моддалари бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 100 та ҳолат аниқланиб, 715 квадрат метр ер майдонидаги кўкнор ва каннабис каби гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди.
Бундан ташқари, 17 та гиёҳвандлик воситаларини сотиш ва 51 та гиёҳванд моддаларни сақлаш билан боғлиқ жиноятлар фош этилиб, 52 килограмдан зиёд наркотик моддалар ноқонуний муомаладан олинган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти бўйича гиёҳвандлик билан боғлиқ жами 327 та ҳолатлар аниқланган бўлса, натижада 83 килограмдан ортиқ наркотик моддалар ноқонуний муомаладан олинган. Тадбирлар давомида 300 нафардан ортиқ шахслар қўлга олинган ва уларга жиноий иш очилган.
Шу билан бирга, таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган, инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 30 дан зиёд ҳолатлар аниқланган бўлиб, унинг ортидан 35 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Ушланган шахслар ва улар орқали соф қиймати 343 миллион сўмга тенг бўлган, жами 42 минг 880 дона шу турдаги моддалар ноқонуний муомаладан олинган.
Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар беришича, аниқланган барча ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилган.