Қорақалпоғистондаги “отишма“ сабаблари аниқланди

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Эллик қалъа туманида улкан қора юк машинаси иккита патруль машинасини ўққа тутаётгани акс этган видео тарқалди.

Видео остидаги изоҳларда бу воқеа “Ўзбеккино“ миллий агентлиги билан биргаликда ҳиндларнинг Ўзбекистонда суратга олинаётган янги романтик фильмининг суратга олинган қисми, деб тахмин қилинган.

“Ўзбеккино“ МA бош директори Ф.Aбдухолиқовнинг сўзларига кўра, интернетда пайдо бўлган суратлар “Худо Ҳофиз” номли ҳинд фильмига тегишли каскадёрлик лавҳаларидир.

– Мамлакатимизнинг дунёга очилаётгани ва кинони қўллаб-қувватлаш борасидаги механизмлар бугунги кунда нафақат янги шериклар билан ишлаш, балки мамлакатга хорижий сармояларни жалб қилиш имконини бермоқда. Режага биноан ҳинд киноижодкорларининг Ўзбекистондаги сарф-харажатлари тахминан 1 миллион долларни ташкил этади, – деди Ф.Aбдухолиқов.

Фильм сценарийсига кўра, глобал молиявий инқироз бошланган пайтда ёш жуфтлик Усмон ва Наргис моддий қийинчиликларга дуч келади ва Номан Республикасига (хаёлий мамлакат) бориб ишлашга қарор қилади. Усмон аввалига Наргисни Номанга юборади ва орқасидан ўзи бормоқчи бўлади. Aммо кўп ўтмай, унга аэропортдан саросима билан қўнғироқ қилишади. Усмон дарҳол Номанга учиб кетади ва Наргисни топишга ҳаракат қилади. Аёли одам савдоси қурбонига айланганини англаб, мамлакат расмий идораларига мурожаат қилади. Ички разведка ходими Таменанинг кўмагида жиноий гуруҳнинг изига тушишади. Ниҳоят, Усмон Наргис ва бошқа ҳиндистонлик “тирик товарлар“ жойлашган юк машинасини олиб қочади. Жиноий гуруҳ Усмонни таъқиб қилади...

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ана шу жараён акс этган.

Эслатиб ўтамиз, фильмни суратга олишда Ҳиндистон, AҚШ, Россия ва Европа мамлакатларидан 150 дан ортиқ актёр, шунингдек, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг актёри Отабек Ҳақбердиев иштирок этмоқда.

Картина премьераси 2020 йилда бўлиши кутилмоқда.

Бугун Ҳиндистоннинг “Panorama Studios” студияси Ўзбекистондаги суратга олиш ишларини якунлади. Фильмни суратга олиш жараёнлари Ҳиндистонда давом эттирилади.