Қорасув масканида 200 ўринли туғруқ комплекси ҳамда оилавий поликлиника қурилади
Туғруқ комплекси Самарқанд шаҳар 1- сон туғруқ мажмуаси негизида иш олиб бориши белгиланган. Янги бино қурилиши учун шаҳар тиббиёт бирлашмасига ҳудудидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 1,80 гектар ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратилади.
Қурилиш вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида амалга оширилади. Бу вилоят ҳокимининг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, компания тегишли ташкилотлар билан биргаликда объектнинг лойиҳаолди шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиб тасдиқланиши, экспертиза хулосаларини олиш ва тендер савдоларини ўтказиш чораларини ҳам кўради.
Қарорда масъул идораларга объектнинг қурилиш-монтаж ишларида қурилиш сифати юзасидан техник, муаллифлик ва давлат назоратини қатъий олиб борилишини, объектда белгиланган қурилиш-монтаж ишларини тасдиқланган режа-график асосида бажарилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлаш топширилган.
Ҳудудидан Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига оилавий поликлиника биноси қурилиши учун ҳам ер майдони ажратиш ҳақида қарор қабул қилинган. Яъни, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 0,50 ер майдони янги оилавий поликлиника биноси қурилиши учун доимий фойдаланиш мақсадида ажратилади.