Қорасувни яёв кезганда...
Қорасув масканига кўчиб келганимга бир ҳафта бўлибди ҳамки янги шаҳарчани томоша қилишга вақт топганим йўқ.
Уйда китоб ўқиб ўтирган эдим, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Очсам Тоҳир дўстим. Ичкарига таклиф қилдим, кирмади. «Юр, шаҳарни айланиб чиқамиз» деди иштиёқ билан. Айни муддао бўлди, дея дарҳол кийиниб чиқдим.
Тоҳир қадрдон дўстим, ўн йил бир синфда ўқиганмиз. Қишлоқда ҳам ўртамизда бор-йўғи учта хонадон бор. Бу ерда эса орамиз янаям яқинроқ. У Қорасувга мендан икки ой олдин кўчиб келганлиги сабабли йўл бошловчи бўлди.
Барча қулайликларга эга бўлган, бир-биридан чиройли кўп қаватли биноларнинг жуда қисқа вақтда қуриб битказилганлиги, равон кўчалар, болалар ўйингоҳлари дейсизми, бинолар олдидаги кўкаламзорлаштириш ишлари-ю автомобиллар учун махсус жойлар дейсизми, ҳаммаси турмуш фаровонлигимиз учун қилинган. Амалга оширилаётган ишлар ҳақида биримиз қўйиб, биримиз мақтаб чамаси бир соатларда шаҳарчани айланиб чиқдик.
Обод ва гўзал манзаралардан кўзингиз яшнаб, дилингиз яйраса, баъзи нохуш ҳолатларни кўриб кўнглингиз хира тортади.
Аввало, Қорасув масканининг номланиши хусусида масканнинг номида кўнгилга хира қиладиган ҳолат бўлмаса-да, қўйиладиган ном ўша жойнинг географик ёки этнографик ҳолатларига мос бўлиши лозим деб ҳисоблайман. Халқ тилида айтганда исми жисмига мос бўлиши керак.
Қорасувдан қуйи томон озроқ юрсангиз Зарафшоннинг бир ирмоғи «Қорадарё», қуйи томон яна 10 километр чамаси юрсангиз «Қоратери», яна шунча юриб ўнг томонга 4-5 километр кирсангиз «Қоработир», нарироқда эса «Қорахўжа», туман марказидан чап томонга кетсангиз яна битта «Қоратери» ва «Қоратухум» ва Иштихон туманига чегарадош «Қорахитой» деган жойимиз ҳам бор. Бу «қора»ларнинг барчаси албатта, қишлоқларимиз номи. Барча «қора»ларнинг ҳудудини бирлаштириб турадиган туманимиз номи эса Оқдарё! Шунисигаям хурсандмиз!
Яна Қорасувга қайтадиган бўлсак, бу гўзал шаҳарга Қорадарё соҳили бўйлаб қурилаётганлиги сабабли уни «Сўлим соҳил» маскани деб аташ мақсадга мувофиқ бўлар эди. (соҳил атамасини дастлаб Самарқанд давлат университети тарих факультети профессори Бахтиёр Эргашев айтганлигини эслаш ўринлидир). Мен келажакда дарё соҳили сўлим, салқин ва оромбахш бўлишига ишора қилиб «Сўлим соҳил» деб аташни ўринли деб ҳисоблайман. Ҳали бундан-да маъқулроқ таклифлар чиқиб қолар, балки.
Мени узоқ йиллардан буён ўйлантириб келадиган бир муаммо борки, у ҳам бўлса одамларимизда кўпчилик бўлиб яшаш маданияти ва кўникмасининг ёмон ҳолатда эканлигидир. Шаҳар кўчалари бўйлаб айланарканмиз, дуч келган жойга ташланган ниқоб ва турли қоғоз чиқиндилар дейсизми, йўлаклар четидаги яшил майсазорларнинг пайҳон қилиниши дейсизми, синдирилавериб мажруҳ аҳволга келтириб қўйилган арча ва каштан кўчатлари дейсизми, хуллас, кўнгилни хира қиладиган бундай ҳолатни ҳамма жойда кўриш мумкин. Замонавий, яп-янги шаҳарчага муносабат шундай бўлса, билмадим буни қандай изоҳлаш мумкин?! Афсуски, республикамизнинг деярли барча катта-кичик шаҳарларида ҳам «ҳазм» қилиб бўлмайдиган бундай ҳолатни кўриш мумкин.
Тоҳир дўстим билан яна озроқ юриб, йўл четига қўйилган чиқинди қутилари яқинида тўхтадик. Бу ерда ҳам ўша манзара - одамлар елим халтачаларда олиб келган чиқиндиларни қути яқинига келмасданоқ улоқтириб кетишяпти. Лифт ва зиналардаги манзаралар ҳам қувонарли эмас.
Кундан-кун ҳам бўйига, ҳам энига кенгайиб бораётган бу мўъжазгина шаҳарчада озодаликнинг энг намунавий ва юксак элементларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш шу ҳудудда яшовчи ҳар бир кишининг бурчидир. Бунинг учун маҳалла ва унинг фаол оқсоқоллари, фидойи ёшлар, шунингдек, шаҳар жамоатчилиги оёққа туриши керак.
Ўктам ИКРОМОВ,
Оқдарё тумани.