Қўшма таълим дастури учун кириш имтиҳонига 193 нафар талаба келмади
Кеча Самарқанд давлат университетининг Халқаро ҳамкор олий таълим муассасалари факультетига 2021-2022 ўқув йили учун иккинчи босқич тест синови бўлиб ўтди.
Имтиҳон Давлат тест маркази томонидан икки навбатда ташкил қилинди ва 197 нафар абитуриент чет тилидан имтиҳон топширди, 193 нафари имтиҳонга келмади, бир нафари кечикканлиги сабабли киритилмади. Тестда талабгорларга 20 та савол учун бир соат вақт ажратилди.
- Қўшма таълим дастури асосида тарих йўналишига топширганман, - дейди нурободлик Маъруф Мансуров. - Биринчи босқичда тарих, география ва математика фанларидан тест топшириб, 170,9 балл тўпладим. Бугун эса инглиз тилидан тест топширдим, саволлар ўртача тузилган, қийналмадим.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро ҳамкор олий таълим муассасалари факультетида 9 та йўналиш бўлиб, 24-25 август кунлари мазкур йўналишларга ариза топширган 1700 нафар талабгор биринчи босқичда мутахассислик фанларидан тест топширган эди. Шундан тест синовининг биринчи босқичида 65,2 баллдан юқори балл тўплаган 650 нафар абитуриент иккинчи босқичга ўтган.
Дарвоқе, 2021-2022 ўқув йилида қўшма таълим дастури асосида Халқаро ҳамкор олий таълим факультетининг 9 йўналишида 225 нафар абитуриент талабаликка қабул қилиниши режалаштирилган.
Талабгорлар учун тест синовлари бугун ҳам икки навбатда бўлиб ўтмоқда.