Қўшнилари учун уйида “қиморхона“ очиб берган шахс ушланди

Наманган вилоятида 2020 йилнинг 23 апрель куни соат 20:55 да ИИВ ходимлари томонидан махсус тадбир ўтказилди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, тадбирда Наманган шаҳар Юқори Ғирвон маҳалласида яшовчи 33 ёшли Б.У.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Хонадон эгаси шу маҳаллада яшовчи 5 нафар фуқароларга ҳар бир ўйин учун 1000 сўмдан пул маблағларини олиб, уларга қимор ва таваккалчиликка асосланган “Лото” ўйини ташкил этиб, моддий манфаатдорлик кўраётганлиги аниқланган.

Тадбир давомида ўртага ўйин учун тикилган 442.000 сўм пуллар, 36 дона ўйин карталари, 24 дона рақамлар ёзилган лото уйини қоғоз карталари ва 90 дона лото тошлари ўрнатилган тартибда олинган.

Ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.