Қўшработ, Нарпай, Пахтачи, Тойлоқ, Ургут туманларида нодавлат умумтаълим мактаблари йўқ
Самарқанд вилоятида 264 та нодавлат таълим муассасалари мавжуд бўлиб, улардан 184 таси мактабгача таълим ташкилоти, 15 таси мактабдан ташқари таълим, 25 та умумий ўрта таълим мактаби, 40 та кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаси саналади.
Шунингдек, вилоятда нодавлат олий таълим муассасаси йўқ. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Нодавлат олий таълим муассасаси очиш талабларидан бири – банкдаги ҳисоб рақамида камида 150 минг АҚШ доллари ёки шу миқдор эквивалентидаги маблағ бўлиши лозим, - деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов. – Ҳозирча қонунда белгиланган талабларга жавоб берадиган тадбиркор йўқлиги сабабли вилоятимизда нодавлат олий таълим муассасаси йўқ. Шунингдек, вилоятда 25 та нодавлат умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда. Нодавлат мактаблар сони ва улуши бўйича Самарқанд шаҳрида 12 та, Каттақўрғон шаҳрида 3 та, Булунғур, Иштихон туманларида 2 тадан, Каттақўрғон, Нуробод, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида 1 тадан мактаблар мавжуд. Бугунги кунда Қўшработ, Нарпай, Пахтачи, Тойлоқ, Ургут туманларида нодавлат умумтаълим мактаблари мавжуд эмас.
Жорий йил якунига қадар янгидан очилиши режалаштирилган ва лицензия олиш учун ариза берган, лицензия талаб ва шартларини бажаришда камчиликлар аниқланган ва муаммоларни бартараф этаётган нодавлат мактаблар сони 5 та. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 2 та, Нарпай, Паст Дарғом ва Ургут туманларида биттадан.
2020 йилда жами нодавлат мактаблар сони 15 та бўлган бўлса, 2022 йил май ҳолатига мактаблар сони ўнтага кўпайган.