Қўшработда қирғизистонлик келиннинг вақтида "кирди-чиқди" қилмагани оилага қимматга тушди

Маълум бўлишича қайнотаси унинг вақтинчалик рўйхат муддатини вақтида узайтирмасдан яшаб юришига шароит яратган. У бунинг учун судда жавобгарликка тортилди.

Баёнотида содир қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида турмуш ўртоғи, келини ва икки нафар невараси бўлиб, улар билан бирга олаётган нафақаси асосида яшаётганликларини, ягона боқувчи эканлигини, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини билдирган.

Суд қайнотани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлигини содир қилганликда айбли деб топган.

Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, яъни 135 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

"Иш"и судда муҳокама қилинган қирғизистонлик келин турмуш ўртоғи вафот этганлигини, қарамоғида икки нафар фарзанди бўлиб, содир қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, бошқа бундай ҳолат такрорланмаслигини билдирган.

Суд унинг оилавий шароити ва моддий аҳволини инобатга олиб, қайнота билан тенг миқдорда жарима тўлашини белгилаган.