"Қотил Куба орқали СССРга виза олишни режалаштирган": АҚШ ҳукумати Кеннедининг ўлдирилишига оид юзлаб махфий ҳужжатларни ошкор қилди

АҚШ Миллий архивлар ва ёзувлар бошқармаси мамлакатнинг 35-президенти Жон Кеннедининг 1963 йилда ўлдирилишига оид илгари махфий бўлган ҳужжатни чоп этди.

CBS News хабарига кўра, махфийликдан маҳрум қилинган архивда Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, Давлат департаменти ва АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган “минглаб” тергов эслатмалари, хат ва телеграммалар мавжуд.

1964 йилда қотилликни тергов қилиш бўйича махсус тузилган комиссия Кеннедини 24 ёшли Ли Харви Освальд "ёлғиз, ҳеч қандай маслаҳат ва ёрдамсиз" ўлдирган деган хулосага келган. Икки кун ўтиб Освальд полициячилар ҳамроҳлигида полиция биносидан чиқаётганда тунги клуб эгаси Жек Руби томонидан отиб ўлдирилган. Шу сабабли у судланмаган. Освальд бирмунча вақт СССРда яшаган.

Кеннеди ўлдирилиши билан боғлиқ кўплаб фитна назариялари мавжуд. Юқоридаги телеканалнинг таъкидлашича, масалан, ҳужжатларда илгари маълум бўлган, лекин шу пайтгача тўлиқ тушунтирилмаган Освальднинг Мехикодаги Совет ва Куба элчихоналарига ташрифлари, шунингдек, Кеннеди ўлдирилишида Кубанинг эҳтимолий иштироки муҳокама қилинади.

Марказий разведка бошқармаси телеграммаларидан бирида Мехико шаҳрида бўлган Освальд СССРга виза олиш учун Совет элчихонасига қўнғироқ қилгани тасвирланган. Шунингдек, у Куба элчихонасига ташриф буюрган ва у ерда Совет визасини кутиш мақсадида Кубадан виза сўраб мурожаат қилган.

Кеннеди ўлдирилишидан кейинги кунга тегишли яна бир қайдномада Освальд ўша йилнинг сентабрида Совет элчихонасида бўлганида Мехикодаги КГБ зобити билан «ушлаб қолинган» телефон суҳбатига эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, янги ҳужжатларда АҚШдаги Санто Траффиканте-кичик ва Сэм Жанкана каби йирик мафияларнинг ФБР кузатуви ҳақидаги бир нечта ҳисоботлар мавжуд. CBS News таъкидлаганидек, уларнинг исмлари Кеннеди ўлдирилиши фитна назарияларида тез-тез учрайди.

Телеканал 15 декабрь куни махфийликдан чиқарилган ҳужжатларда янги маълумотлар кам бўлганига этибор қаратади ва шу йилнинг кузида АҚШ президенти бир қатор федерал агентликларнинг сўровини қаноатлантирган ҳолда, 14 мингта махфий ҳужжатни чоп этишни 2022 йил 15 декабрга қолдирганини эслатади.

Байден фармонида айтилишича, кечиктириш "мудофаа, разведка операциялари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки халқаро муносабатларга зарардан ҳимоя қилиш учун зарур".

CNN маълумотларига кўра, ўтган чоршанба куни эълон қилинган ҳужжатларнинг аксарияти аввал махфийлиги бекор қилинган ҳужжатларни такрорлайди, бир нечта таҳрир қилинган сўз ёки разведка ходимларининг исмлари бундан мустасно.

Кеннеди ўлдирилиши бўйича етакчи терговчи, Виржиния университетининг сиёсий профессори Ларри Сабато телеканалга берган интервьюсида ҳужжатлардаги ўзгаришларни “минимал ва фойдасиз” деб атади. Шу билан бирга, у махфийликдан чиқарилган архивда янги далиллар бор-йўқлигини ҳужжатларни чуқур ўрганиб чиққандан кейингина ишонч билан айтиш мумкинлиги, бунга бир неча кун вақт кетишини тан олди.

Кеннеди ўлдирилиши

Жон Фицджералд Кеннеди - АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди 1963 йил 22 ноябрда сайловолди сафари чоғида, Даллас шаҳридаги марказий кўчадан очиқ лимузинда соат 12:30 да ўтаётганда снайпер қуролидан ҳаёт учун ҳавфли жароҳат олди. Президент зудлик билан «Паркленд» касалхонасига етказилган. У ерда муваффақиятсиз реанимация уринишларидан сўнг у маҳаллий вақт билан соат 13:00да вафот этган. Конгресс томонидан тузилган Уоррен комиссияси собиқ денгиз ҳарбийи Ли Харви Освальд Кеннеди қотили эканлигини аниқлади.

Ли Харви Освальд - АҚШ президенти Жон Кеннедининг ўлдирилишида гумон қилинаётган ягона расмий шахс ҳисобланади. АҚШ қонунларига кўра, марҳумни судлаб бўлмайди, бироқ Уоррен комиссияси уни қотил деб тан олди.

Совет Иттифоқида қисқа вақт яшаган собиқ АҚШ денгиз пиёда аскари Освальд дастлаб Кеннеди отиб ташланганидан тахминан 40 дақиқа ўтиб полициячини ўлдиргани учун ҳибсга олинган. Кеннедига суиқасдда гумон қилинган Освальд иккала жиноятга алоқадорлигини рад этди.

Уоррен комиссиясининг (1964) хулосаларига кўра, Освальд 1963 йил 22 ноябрда Далласдаги китоб омборининг олтинчи қаватидан президент машинасига 5-6 сонияда учта ўқ узиши натижасида президент Кеннеди ҳалок бўлган, Техас губернатори Конналли оғир яраланди ва йўловчилардан бири енгил жароҳат олди, бироз вақтдан сўнг маҳаллий полициячини ўлдирган. Комиссия хулосасига кўра, у “якка ўзи ва ҳеч кимнинг маслаҳат ва ёрдамисиз ҳаракат қилган”.

Гулнора Холдорова тайёрлади.