Қозоғистон “Бойқўнғир” космодромидан Россияни чиқаришни режалаштираяпти

Қозоғистонда келгусида “Бойқўнғир” космодромини Россияга ижарага бермай Қозоғистоннинг ўзи ишлатишни режалаштираяпти. Бу ҳақда Қозоғистон ҳарбий мудофа ва аэрокосмик саноат вазирининг ўринбосари Марат Нургожин гапирган, деб хабар бераяпти mk.ru.

"Қозоғистон ҳозирги вазиятни синчковлик билан ўрганмоқда. Бу режамизни Роскосмосга аввалроқ билдирганмиз ва улар билан бу мавзуни муҳокама қилганмиз.

Бу иш осон бўлмайди. Бу учун ҳали Роскосмос билан яна бир неча бор музокаралар ўтказамиз", деган Нургожин.

Россия анча йиллардан бери  “Бойқўнғир” космодроми ва ундаги шаҳарчани ижарага олиб ишлатаяпти. Шаҳарча аҳолисининг 60 фоизи Қозоғистон, 40 фоизи Россия фуқароларидир.

Эслатиб ўтамиз, 1991 йилда СССР тарқаб кетиши ортидан мамлакатдаги ягона космодром Қозоғистон ҳудудида қолди. Ўша пайтларда Россияда Узоқ Шарқда, Тинч Океанида янги космодром қуриш режалаштирилди. Аммо, бу режа амалга ошмади. Сабаби, ўша пайтда Қозоғистон билан “Бойқўнғир” космодромини ижарага олиш шартлари келишилди. Россиялик мутахассислар “Бойқўнғир”да иш бошлашди ва Тинч океанида қурилиши лозим бўлган янги Космодром режа ҳолида қолиб кетди. Агар, Қозоғистон келажакда “Бойқўнғир” космодромини ўзи ишлатадиган бўлса, балки Россия учун Тинч океанида янги космодром қуриш яна долзарб бўлиб кун тартибига чиқар.