Қудратимиз аҳиллик ва ҳамжиҳатликда: 40 дан ортиқ махсус техникаларимиз “Сардоба” сув омборини тиклаш ишларига жалб этилган

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда юзага келган эпидемиологик ҳолат билан боғлиқ қарор ва фармонларига мувофиқ Навоий кон–металлургия комбинати давлат корхонаси таркибидаги бўлинмаларда ҳам карантин тартиби жорий этилди.

Жумладан, Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган “Зармитан”, “Ғужумсой” конларида ва 4-ГМЗда учун 13 дона масофадан туриб тана ҳароратини ўлчовчи термометрлар ва 3 дона тепловизорлар ўрнатилди. Оралиқ масофани сақлаш чоралари кўрилди, белгиланган муддатларда дезинфекция ишлари ташкиллаштирилди.

Шунингдек, ишчилар ошхоналарига, ётоқхоналарга дезинфекцияловчи эритмалар билан мунтазам ишлов берилмоқда. Карантин даврида қатъий тартибда ниқобда иш юритиш йўлга қўйилди, ишчи ва хизматчилар қўл ювиш учун зарур бўлган воситалар билан тўлиқ таъминланди.

Қайд этиш лозимки, Зармитан саноат майдонидаги 4-ГМЗ ҳам барқарор суръатда ишлаб турибди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши катъий кураш олиб борилаётган оғир ва синовли кунларда касаллик тарқалишининг олдини олиш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида комбинат ишчи ва ходимлари кўнгилли равишда бирлашиб, бир кунлик иш ҳақларини “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз ёрдам сифатида ўтказишди.

Дунёда хурсандчилик ва ташвиш, ютуқ ва қийинчиликлар ҳамиша ёнма-ён юради, дейишади. Кетма-кет Бухоро ва Сирдарё вилоятларида содир бўлган фавқулодда вазиятлар ҳам халқимиз матонатининг яна бир имтиҳони бўлди.

Шу боис комбинатимиз Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларига етарли миқдорда қурилиш материалларини етказиб берди. “Сардоба” сув омборини тиклаш ишларида эса 40 дан ортиқ махсус техникаларимиз тиним билмай ишламоқда.

Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилгач, бу хайрли ишга бутун комбинат жамоаси лаббай, деб жавоб берди.

Хусусан, корхона томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд 2700 оилага, шу жумладан, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ ҳамда Пахтачи туманларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож 700 оилага, ёлғиз, кам таъминланган фахрийларга 13 турдаги уч ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ёрқин ШАКАРОВ,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.