Қурилиш иншоотлари, хусусан, кўп қаватли уйлар, улардаги сифатни ким, қачон ва қандай назорат қилади?
Туркияда кузатилган табиий офат албатта, барчамизни чуқур қайғуга солди. Тўғри, нафақат турклар, балки уларга қўшни ўлка Сурияга ҳам қўлдан келганча инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди. Аммо олдимизда яна бир муҳим масала борки, уни асло ёддан чиқариб бўлмайди. Бу - қурилиш соҳаси, унда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш ҳамда тикланаётган бино-иншоотларнинг стандартларга жавоб бериши, сифатли бўлишини таъминлаш.
Мавжуд стандартлар ва қонунчиликка тўла риоя қилиниши, сифат масаласида кўзбўямачиликка йўл қўйилмаслиги фақат ваколатли органларга қараб қолмаяптими?
Мавжуд ҳолат қувонарли эмас...
Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг айрим ходимлари “инсофсиз” тадбиркорлар билан тил бириктириши оқибатида қурилиши якунланмаган ёки сифатсиз, шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайдиган кўп қаватли уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш ҳолатлари ҳам минг афсуски учраб турибди.
Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 81-сессиясида вилоят прокурори аниқ факт ва рақамларни келтириб ўтди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг июль-сентябрь ойларида вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган Алимов ўз мансаб ваколатларини қасддан суиистеъмол қилиб, ҳали қурилиш ишлари тўлиқ тугалланмаган Нарпай тумани Ислом шоир маҳалласидаги 5 қаватли, Паст Дарғом тумани Гўзалкент маҳалласидаги 3 та 5 қаватли турар жой биноларини;
Инспекцияга 2020 йил октябридан – 2022 йил март ойига қадар раҳбарлик қилган Жабборов Каттақўрғон шаҳри Беклар кўчаси 26-А-манзилдаги 7 қаватли, Самарқанд шаҳри Сартепо маскани Туркистон кўчаси 148-В-манзилдаги 4 қаватли “Экобозор ва савдо мажмуаси”ни ҳамда Фирдавсий кўчаси 81-манзилдаги 3 та блокдан иборат 5 қаватли турар жой биноларининг қурилиш ишлари юзасидан шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган бўлса-да, объектларни қонунга зид эканлигини била туриб, фойдаланишга қабул қилган.
Демак, ҳали тўлиқ ҳужжатлаштирилмаган, балки битмагандир ҳам, уйни фойдаланишга қабул қилаверган. Табиий савол туғилади, бундай ҳолатда унинг сифати тегишли стандартларга жавоб бериши текширилганига ишониш мумкинми?
Сергак тортишимиз шарт
Қурилиш соҳасидаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 2022 йилда 500 га яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, масъулларнинг 302 нафари маъмурий ва интизомий жавобгарликга тортилган. Бундан ташқари, 304 нафари расман огоҳлантирилиб, ноқонуний қурилишларни буздириш ҳақида судларга 19 та даъво аризалари киритилган ҳамда қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 23 та (зарар миқдори 7,7 млрд. сўм) жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур рақамнинг ўзиёқ соҳада тартиб-интизомни янада кучайтириш, қурилишлар сифатига алоҳида эътибор қаратишни талаб этмаяптими?
Бундан ташқари, ўтказилган назорат тадбирларида қурилиш қоида ва меъёрларига ҳам амал қилинмаётгани қайд этилган. Хусусан, “Самарқанд Сокол Строй” МЧЖ раҳбари Каримов ва бошқалар Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғони, 29-даҳадан ажратилган 71,6 кв.метр ер майдонида 3 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносини ўрнига шаҳар ҳокимлиги захираси ҳисобида бўлган 180,4 кв.метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, жами 252 кв.м. майдонда лойиҳа смета ҳужжатларисиз, ноқонуний равишда 5 қаватли уй-жой биносини қурган.
Бинонинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қаватларида фойдали майдонни кенгайтиришни кўзлаб, қурилиш қоидаларига зид равишда 4 дона устун (колонна) ва тўсин (ригел)лар қурилмаганлиги аниқланиб, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ҳамда қурилиш тўхтатилиб, бинони мажбурий тартибда буздириш бўйича судга даъво аризаси киритилган.
Бундай шароитда кўп қаватли уй-жой бинолари қурилиш қоида ва меъёрларига зид равишда барпо этилаётганлиги, албатта ҳаммани бирдек ташвишга солиши лозим.
Назорат қандай ўрнатилган?
Рост, давлат дастурлари асосида барпо этилаётган объектлар бўйича назорат ўрнатиш етарли даражада таъминланган. Масалан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ОАВ дастурлар ва лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати, сифати ҳамда кўлами устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, унда аниқланган камчиликлар ҳақида давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича штабларга маълумот тақдим этиши лозим.
Лекин тижорий асосда тикланаётган объектлар, масалан, кўп қаватли уйлар-чи, улардаги сифатни ким, қачон ва қандай назорат қилади?Албатта, бу борада ҳам муайян давлат идораларига махсус ваколатлар берилган. Аммо юқорида гувоҳи бўлганингиздек, коррупцион ҳолатлар ёки ўзибўларчилик ортидан тижорий бино-иншоотларда сифат ва қонун-қоида масаласи иккиламчи бўлиб қолмоқда.
Бу ўринда асосий муаммо жамоатчилик назоратининг етарли эмаслигида эмасмикан?
Яшириб нима қилдик, қурилиш соҳасида жамоатчилик назорати жуда суст, ҳатто йўқ ҳисоби. Бундан бир ёки икки йил аввал бир гуруҳ депутатлар соҳада фаолият олиб бораётганлар учун яратилган шароитларни мониторинг қилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Кейинроқ депутат ташаббуси билан қурилиши маҳсулотлари – қум, тош-шаҳар ташиётган юк машиналарининг атроф-муҳитга зарар етказмаслиги учун устини ёпиб юриши белгиланганди. Бироқ яқин вақтлар ичида қурилиш сифати ёки бу борадаги қонун-қоидалар ижроси ўрганилганини ҳеч ким билмаса керак.
Жамоатчилик экспертизаси керак
Тўғри, амалда турли жамоатчилик эшитувлари ташкил қилиняпти. Ҳисоботлар тингланяпти. Лекин Туркия мисолида бугунги воқелик мазкур йўналиш бўйича амалда қилинадиган ишларимиз кўп эканлигидан далолат бермоқда.
2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Қонунда 8 та шаклда жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ҳуқуқ берилган: масалан, давлат органларига сўров юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъатларда иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамасини, жамоатчилик эшитувини ва жамоатчилик мониторинги ташкил этиш, жамоатчилик экспертизаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳисоботларини эшитиб бориш.
Назаримда, айни қурилиш соҳасида жамоатчилик экспертизаси мутлақо ҳаётга жорий этилмаяпти. Албатта, бу амалиётни йўл қўйиш мавриди келди. Бу орқали, аввало, жамоатчилик фаолларини янада жонлантириш, энг муҳими, қурилиш ишларидан кўнглимиз тўлиб, хотиржам юришимиз мумкин.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 13 декабрь куни “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни ҳам имзолаган эди.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мавжуд.
Хуллас, кучли жамоатчилик назорати, жумладан, жамоатчилик экспертизасини йўлга қўйиш учун барча қонуний асослар бор. Гап фақат ундан фойдаланишда қолмоқда. Унутманг, кучли зилзила даврида ҳам Туркия Республикасида бирон талофат кўрмаган ҳудуд фақат қонун-қоидаларга амалга қилгани учун шундай натижага эришди.
Элёр Ҳамроев,
“Юксалиш” УМҲ вилоят бўлими раҳбари, вилоят Кенгаши депутати.