Қурилишдаги кўзбўямачиликлар тугайдими?

- Бино қурилиши ишларида сифатсиз, энг арзон маҳсулотлардан фойдаланилган;

- носоз ёритиш чироқлари, хоналарга сифатсиз жиҳозлар ўрнатилган;

- бинонинг ташқи фасад қисмлари кўчиб кетган;

- хоналарнинг поли яроқсиз, ҳовли йўлаклари бетони ҳали бино фойдаланишга топширилмасдан бурун тўкилишни бошлаган.

Бу қурилиш ишлари билан боғлиқ кўпчиликка таниш масалалар.

Кейинги йилларда барпо этилаётган бино ва иншоотлар – ижтимоий соҳа объектлари, намунавий лойиҳа асосида қурилаётган, ҳатто кўп қаватли уй-жойларнинг аксариятида юқорида таъкидланган муаммо ва камчиликлар кўзга ташланмоқда.

Жумладан, худди шундай салбий ҳолатлар “Бинокор сув қурилиш” МЧЖ (раҳбари Рашид Абдуллаев) томонидан барпо этилаётган Юқори Жўш МФЙ биноси қурилишида ҳам содир бўлмоқда.

Шартномага асосан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими томонидан Инжиниринг компаниясига ушбу маҳалла биносини қуриш учун 700,0 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган бўлса-да, пудратчи ташкилот “Бинокор сув қурилиш” МЧЖ корхонаси томонидан ҳалигача қурилиш ишлари тугатилмаган. Иситиш, сув, электр энергияси тизимлари уланмаган, қурилиш ишлари буткул сифатсиз бажарилган.

Буюртмачи ҳамда пудратчи томонидан жорий йилнинг май ойида имзоланган шартномада Юқори Жўш маҳалласи биносининг қурилиш ишлари 120 кун муддатда якунланиши белгиланган. Орадан етти ой ўтди ҳамки, ҳалигача объектнинг қурилиш ишлари тўлиқ якунланмаган.

Бугун фуқаролар йиғинларини бино билан таъминлаш, уларга шарт-шароит яратиб бериш масаласи маҳаллалар кенгаши ҳамда фуқаролар йиғинларини қийнаб келаётган энг долзарб масалалардан бири бўлиб турган бир вазиятда қурувчининг бундай кўзбуямачилик қилиши инсофданми?

Қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини назорат қилувчи ташкилотлар, ҳокимлик ушбу масалаларга қачонгача парда ортидан қарайди?

А.БАХТИЁРОВ.