Қувайт амири вафот этди

29 сентябрь куни Қувайт амири Сабаҳ ал-Аҳмад ас-Сабаҳ ёки Сабаҳ IV АҚШда вафот этди. Маълум қилинишича, у бир муддат олдин ўтказган операциядан сўнг АҚШда даволанаётган эди. Бу ҳақда РИА Новости нашри, амир девони Али ал-Жараҳ ас-Сабаҳнинг Қувайт давлат телевидениеси эфирида берган баёнотига таяниб маълум қилди.

“Қувайт амири Сабаҳ ал-Аҳмад Ас-Сабаҳ зоти олийлари Аллоҳнинг ёнига қайтди”, деди девон.
Сабаҳ IV дунёдаги энг ёши кекса етакчилардан эди. У 2006 йилдан буён Қувайтга етакчилик қилди. Сабаҳ ал-Аҳмад ас-Сабаҳ 91 ёшида вафот этди.
Сабаҳ IV вафотидан сўнг шахзода Наваф ал-Аҳмад ал-Жабир ас-Сабаҳ Қувайтнинг янги амири этиб тайинланди.

“Ҳукумат Конституциянинг 4-моддасига биноан, олий валиахд Наваф ал-Аҳмад зоти олийларини Қувайт давлатининг амири этиб тайинлади. Расмий идоралар фаолияти уч кунга тўхтатилди, мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинди”, деди Вазирлар маҳкамаси масалалари бўйича давлат вазири Анас Холид аль-Солиҳ.