Рамазон – саховат ойи

Муборак Рамазон ойи муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрида яшовчи оилаларнинг шароитини яхшилаш, соғлиғини тиклаш ҳамда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 32 нафар фуқарога 113,5 миллион сўмлик беғараз моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлимидан маълум қилишларича, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд шаҳрида яшовчи 100 та оилага 20 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

–   Жорий йил март ойида хонадонимизда содир бўлган ёнғин оқибатида анчагина жабр кўрдик, – дейди Самарқанд шаҳар "Кафтархона" маҳалласида яшовчи Феруза Аҳадова. – “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан оилавий шароитимизни яхшилаш мақсадида 13,5 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди. Биз бундан миннатдормиз.

Бу каби саховат тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.