Расул Кушербаев: Контракт ва стипендиялар масаласида қачон аҳоли фикри инобатга олинади?

Олий мажлис депутати Расул Кушербаев контракт ва стипендиялар хусусида ўз муносабатини билдирди.

"Кўпчиликнинг хабари бор бўлса керак. Ўтган йили Абдурашид Абдуқодиров ва мен аҳоли фикри ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда олий таълимда контракт тўловлари миқдорини камайтириш ва табақалаштирилган тўлов контракт тизими ҳақида бир қатор таклифларни киритган эдик. Ушбу таклифларимиз ўтган йили инобатга олинмаган бўлса-да, бу йил Президент қарорида стипендиясиз контракт тўлаш, табақалаштирилган тўлов асосида қабул масалалари қисман ўз аксини топди.

Бироқ бу йил минглаб ота-она, талабалар ва депутатларнинг норозилигига қарамай, контракт-тўловлари 10 фоиз ўрнига 18 фоизга оширилди, стипендия нархлари камайтирилди, берган ваъдалар унутилди. Бош мақсад талабани қийнаб, унинг стипендиясини камайтириш ҳисобига ўқитувчининг ойлигини ошириш, бошқа ҳаражатларни қоплаш экан.

Зиёли, диёнатли устоз ва мураббийларимиз бунақа эҳтиромни қандай қабул қилмоқда? Буниси ҳозирча қоронғу.

Камига куни кеча Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги супер-контрактлар ҳақида қўшимча расмий маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2019/2020 ўқув йили 4 баллгача етмаганлар супер-контрактни қуйидаги миқдорда тўлашар экан: киришга 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар; 1.1 баллдан 2 баллгача - 2,0 баробар; 2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар, 3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар амалдаги контрактдан кўп тўланиши керак. Кириш баллига 4 баллдан ортиқ етмаган, лекин 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдорлари 10 ва 15 баробар, юриспруденция йўналишида - 25 баробар, яъни 229 миллион 184 минг сўм, тиббиёт йўналишида - 20 баробар, яъни 170 миллион 649 минг сўмни ташкил этмоқда.

Мамлакатимиз халқ хўжалиги соҳаларида айнан олий маълумотли тиббиёт ходимлари ҳамда юрист кадрлар етишмай турган бир вақтда бу йўналишда супер контрактларнинг космик нархларда белгиланганлиги давлат сиёсатига “ҳамоҳанг”ликми ёки биз билмайдиган бошқа мақсадлар борми? Тушуниб бўлмай қолди.

Айни пайтда энг кам ойлик иш ҳақи 223 000 минг сўм бўлгани, ўртача ойлик иш ҳақи 2019 йил январь–июнь ойларида 2,092 миллион сўмни ташкил этиб турган бир пайтда супер-контракт миқдорининг бундай юқори даражада ҳисобланиши қайси мезонларга тўғри келади?

ЎзЛиДеП сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси масъули, экспертлар гуруҳи раҳбари Нуриддин Муродовнинг талаб қилган изоҳларига қўшимча равишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва соҳага алоқадар масъуллардан қуйидаги учта саволга ҳам жавоб беришларини сўрардик:

- Жамоатчиликни норози қилиш, берган ваъдаларга риоя этмасликдан кўзланган асосий мақсад нима?

- Олий таълим тизимида қачон аҳоли фикрини инобатга олиш, улар билан ҳисоблашиш тизимига ўтилади?

- Давлат раҳбари ташаббуси билан “одамларни рози қилиш” принципи олий таълим тизими учун ҳам тегишлими йўқми?

Дарвоқе, ёшлар таълим тарбияси борасида жонбозлик кўрсатаётган қолган партиялар ва фаолларнинг ҳам бу масаладаги позицияларини кўришга умид қилиб қоламиз", деб ёзган депутат.