Редискадан 7 миллион, қулупнайдан 20 миллион сўм, асосий экинлар энди сотиляпти: 2,5 сотих ҳовлидан яхшигина даромад кўраётган деҳқон хонадонида

Каттақўрғон тумани Қумоқ маҳалласида яшовчи Бекзод Эрниёзов томорқачиликдан келаётган даромад орқали рўзғор тебратяпти. Ҳовлисидаги қўлбола иссиқхонада бир вақтнинг ўзида тўрт маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган. Унга турмуш ўртоғи Гулчирой Шерова ёрдам беради.

Айни пайтда 2,5 сотихлик иссиқхонамизда редиска, қулупнай, бодринг, помидор етиштиряпмиз, - дейди Б.Эрниёзов. – Кеч кузда турли кўкат уруғлари ва қулупнай кўчатларини ерга қадаймиз. Қишда кўкатлар сотилади. Эрта баҳорга қулупнай пиша бошлайди. Масалан, аввал исмалоқдан яхшигина ҳосил олдик. Кейин редиска сотиб, 6-7 миллион сўм даромад қилдик. Унинг ҳосили ҳали тугамасдан қулупнайни бозорга чиқардик, ҳозиргача қулуплайнинг пули 20 миллион сўмдан ошди.



Иссиқхонада қулупнайнинг ҳосили тугаяпти, аммо бу ердан мўмай даромад олиш давом этяпти.
- Бодрингдан ҳосил олишни бошладик, - дейди деҳқон. – Бу июнь ойининг ўрталаригача давом этади. Ўрнига яна бодринг кўчатларини ўтқазамиз. Ундан кеч кузгача ҳосил олинади. Кейин яна кўкат ва қулупнай экишга ҳозирлик кўрамиз. Хуллас, йил давомида шу иссиқхонада меҳнат қиламиз. Меҳнатга яраша даромад топяпмиз. Яқинда машина сотиб олдик.
Бекзод Эрниёзов маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан имтиёзли кредит олиб, келгусида замонавий иссиқхона қуришни ният қилган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.